Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш – долзарб масала

16:57 30 Август 2020 Сиёсат
308 0

Яқинда халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли туман ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Сессияни туман ҳокими, кенгаш раиси Шуҳрат Негматов олиб борди.

Иштирокчилар дастлаб туман ҳокими Ш.Негматовнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилиб қайтган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маърузаси билан танишдилар.

Таъкидланганидек, туманда 4 та сектор раҳбарлари томонидан аҳолининг камбағал қатлами тўлиқ ўрганилди, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Айни вақтда тумандаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 55 минг 182 оилада 255, 7 минг аҳоли ҳаёт кечирмоқда. Сектор раҳбарлари томонидан «Камбағалликни қисқартириш штаби» аъзолари, туман Кенгаши депутатлари, МФЙ фаоллари хонадонма-хонадон юриб аҳолининг турмуш шароитларини ўрганиб чиқдилар. Айни вақтда 2515 та камбағал, эҳтиёжманд оилалар «Темир дафтар»га киритилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатилган ёрдам, бандликни таъминлаш каби ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатди. Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашининг қарори билан 387 оила камбағаллар рўйхатидан чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 266 гектар майдонда ташкил этилган 8 та қишлоқ хўжалиги кооперативларига 355 та, шундан 226 та камбағал оилалар, уларнинг кооперативларидаги пайи (улуши) учун 478,8 миллион сўм субсидия ажратилди.

Сессияда туманда бу борада амалга оширилган ишлар тўлиқ сарҳисоб қилинди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бандлигини таъминлаш борасида марказ директори Ш.Аҳмедов ахборот берди.

Бундан ташқари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Ризаев туманда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, бир нечта таклифлар берди. Хусусан, ижтимоий ёрдамларнинг манзилли етказилишини назоратга олиш лозимлигини таъкидлади. 

— Шундагина биз Президентимиз берган топшириқларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаган бўламиз, - деди Н.Ризаев.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?