Аҳоли Ахтачидаги цемент заводидан норози эътирозлар нечоғли ўринли?

15:09 26 Июнь 2019 Жамият
628 0

“Халқ сўзи Online”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон шаҳрига қадам босган киши борки, Асакага ташриф буюришни ихтиёр этади. Бунинг сабаблари кўп, масалан, кимдир неча минг йиллик тарихга эга қадим шаҳар ҳаёти билан танишмоқ истаса, яна кимдир ўша машҳур “Чўнтак” чойхонасида тамадди қилишни ихтиёр этган. Бошқа бирови эса ўнлаб автомашиналар ишлаб чиқарувчи корхонани ўз кўзи билан кўришга орзуманд.

Хуллас, ўзига чорлагувчи бу манзил сари одимламоқ истовчилар жуда кўп. Ана шундай интилиш, иштиёқ билан вилоят марказидан атиги 3-4 километр йироқлашсангиз Асака заминига қадам босасиз. Юпқа туман қаъридаги кенг кўчалар, равон йўллар, бир қаторга саф тортган замонавий уйлар ҳавасингизни орттиради. “Юпқа туман” дедикми? Ҳа-я, аслида ўзимиз ҳам шу мавзуда фикрлашмоқчи эдик. Тумандек парда тортиб турган бу ҳолат туман эмас Ахтачи қишлоғидаги саноат зонасида жойлашган цемент заводидан чиққан ғубордир. Ҳар қалай, бизга шундай дейишди.

Аввало, ушбу корхонанинг фойдаси ҳақида гапирсак. “Sing Lida” номи билан аталувчи масъулияти чекланган жамияти шаклидаги бу қўшма корхона 2013 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унда самарали меҳнат қилаётган 220 нафар ишчи-хизматчилар томонидан бир кунда 150-200 тонна цемент ишлаб чиқариляпти. Демак, корхона туфайли 200 нафардан зиёд оиланинг қозони қайнаб турибди. Ҳар бир оилада ўртача 4 нафар аъзо борлигини инобатга олсак, салкам минг нафар юртдошларимиз айнан шу заводдан манфаатдор экан. Ички бозорни ҳар ойда 5-6 минг тонна цемент билан таъминлаб келишининг ўзиёқ мамлакатимиз иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасидан далолат. Бу яхши, албатта! Бироқ, ойнинг ҳам орқа томони бўлгани каби корхонанинг аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Бу ҳақида уларнинг фикри билан танишамиз.

Шуҳратбек ТУРҒУНБОЕВ, Манжара кўчаси 33-уй.

-Бир пайтлар қишлоғимиз баҳаво бўлган! Ҳавосидан танамиз яйрарди. Сўнгги 2-3 йил ичида яшаш ҳам қийин бўлиб қолди. Цемент заводидан чиққан чанг-ғубор ўпкамизга тўлиб қоляпти. 3 ёшли набирам Абдулбоқи Турғунбоев кунора касал бўлиб қолади. Шифокорга учрасак, аллергик касалликка чалинганлигини айтди. Бир неча марта вилоят марказидаги шифохоналарда даволатдик. Фойдаси бўлмаяпти. Салкам бир ой яхши юрадида, кейин яна касал бўлиб қолади. Аксарият ҳолларда уни Шаҳрихон туманидаги қудамникида қолдириб келаман. Ишонасизми, 4 кунда соғайиб кетади. Бизникига келгач, яна шу аҳвол. Кексаларимизда ўпка билан боғлиқ касаллар ортиб боряпти. Айниқса, нафаси қисадиганлар кўп.Шу завод ишга тушмасидан аввал ҳаммаси яхши эди.

Маҳаммадортиқ ҲАКИМОВ, Айланиш кўчаси 17 уй.

-Заводдан чиқаётган ғубор томорқамизга ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Дарахтларимиз мева тугадию, яхши пишмайди, аксарияти пишмай туриб чирияпти. Помидоримизга сариқ доғ тушгани етмагандек, бир четдан қуришни бошлади. Томимиздаги шиферларга бир сантиметр қалинликда цемент чанги ўрнашиб қолган. Ёмғир ёғса тарновимиздан қоп-қора сув оқади. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам айвонда ўтириб бўлмайди. Айниқса, кечга бориб қишлоқни қалин чанг босади. Ҳудди туман тушганга ўхшайди.

Оқйўл ДЕҲҚОНОВ, Товоқчи кўчаси, 25-уй.

-Ёшим 75 да. Маҳалламизда бажарилаётган ишларни кўриб ҳали узоқ яшагим келади. Боиси, кўчаларимизга асфальт босишди. Симёғочларимизни алмаштириб, янгитдан электр сими тортишди. Ичимлик сувидан шикоятимиз йўқ. Ариқларимизда сув тинмайди. Битта арзимиз заводдан, ука. Тўғри, қишлоғимизнинг аксарият аҳолиси мана шу завод туфайли тирикчилик қиляпти. Вақтида ойлик маош беради. Ҳар бир ишчи ҳар ойда оиласига 1,5 миллион сўм атрофида маблағ олиб киради. Яна қанча юртдошларимиз завод билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хуллас, минглаб оилаларнинг тирикчилиги шу заводга боғлиқ. Шу боис ҳам завод бизга керакмас, демоқчи эмасмиз. Фақат, ундан чиқаётган чанг-ғубор дилимизни хуфтон қиляпти. Қаранг, кундуз куни ҳам атрофимизни туман қоплагандек манзара ҳукмрон. Мутахассислар яхшилаб ўрганиб чиқиб, аҳолига зарар етмайдиган бирор чорасини топса бўларкан. Ахир, собиқ Иттифоқ даврида ҳам бу каби корхоналар фаолият юритган. Бироқ, улардан аҳоли азият чекмаган. Меъёрий талабларга амал қилинмаяптимикин, дейманда.

Хуллас, аҳолининг арзи тугамайди, саволларни охири йўқдек. Ана шу саволларга жавоб излаб корхонада бўлдик.

-Ҳар бир корхона ўз фаолиятини бошлар экан, тегишли идоралар томонидан ўрганиб чиқилади,-дейди қўшма корхона раҳбари Аҳлиддин Зокиров. –Бизнинг корхона ҳам фаолиятини бошлагунига қадар бир неча текширувлардан ўтган. Одатда бу каби объектлар аҳоли яшаш ҳудудидан бир километр нарида жойлашган бўлиши керак. Бизнинг корхона 1,5 километр узоқликда жойлашган бўлиб, саноат зонасининг энг охирги ҳудудидамиз. Атрофимиздаги саноат корхоналари фаолиятимизга нисбатан бирор марта ҳам эътироз билдиришгани йўқ. Қишлоқдаги одамларнинг заводимиздан таралаётган ғубордан заҳарланганлиги туфайли касалликка чалинганлигига, томорқасидаги экинлар қуриб қолаётганига қўшила олмаймиз. Боиси, ҳар ойда тегишли идоралар томонидан мутахассислар келиб, иш фаолиятимизни ўрганиб туришибди. Камчилигимиз бўлса ўз вақтида чора кўряпмиз. Атрофга зарар берилса биринчидан ўзимизнинг виждонимиз қийналади. Тумандек кўринган манзарага келадиган бўлсак, биз жойлашган ҳудуддан 3 километр нарида Боғишамол қир-адирлари жойлашган бўлиб, майин эсган шаббода ҳам адирдаги чангни айнан шу қишлоққа учириб келмоқда. Шу боис бу манзарани ҳатто заводимиз ишламаган кунлари ҳам бемалол кузатиш мумкин.

Хуллас, минг бир саволга минг бир жавоблар! Расмий маълумотларда ҳаммаси яхши, аҳоли эса ҳар доимгидек норози. Нима қилиш керак? Суриштирувимиз давомида амин бўлдикки, бу эътирозлар вақтинча. Боиси, вилоят ҳокимлиги томонидан завод учун Хўжаобод туманининг аҳоли яшаш ҳудудидан анча олис қисмида 40 гектарлик майдон ажратилган бўлиб, шу кунларда қурилиш ишлари давом этмоқда. Завод ишга тушгач, унинг фаолияти 4 баробарга ортади. Демак, 800 нафар ишчилар айнан шу завод туфайли доимий иш жойига эга бўладилар. Қўшма корхона Ахтачидаги фаолиятини 2020 йилнинг 4-чорагида якунлаб, Хўжаобод туманида янги саҳифани бошлайди. Бу сафар унинг ортидан келадиган фойда билан бир қаторда етказилиши мумкин бўлган зарарлар ҳам атрофлича ўрганиб чиқилган ва шу жиҳатлар ҳисобга олингани ҳолда майдон танланган. Бу яхши албатта! Бироқ, унгача аҳоли эътирози давом этаверадими?

“Йўқ, албатта,-дейди корхона раҳбари Аҳлиддин Зокиров.-Аввало, айтиш жоизки, заводимиздан чиқаётган намлик (ғубор ёки чанг эмас) махсус фильтрлар орқали ташқарига чиқарилмоқда. Ҳаммаси талаб асосида ташкиллаштирилган. Шундай бўлсада, вазиятни янада енгиллаштириш мақсадида Хитой давлатидан вентилятор мосламаси олиб келмоқдамиз. Июль ойининг 15-санасидан бошлаб вазият умуман ўзгаради. Шунда аҳолининг биз билан боғлиқ эътирозларига ўрин ҳам қолмайди”.

Одатда ҳамма нарса инсон манфаатлари учун бунёд этилади. Шундай экан, амалдаги барча ҳаракатлар ён-атрофимиздагиларнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоғи керак. Биз кўрганимизни холисона баён этдик. Қолган гапни мутасадди идоралар вакилларидан кутиб қоламиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019