Аҳмед Шаҳид: “Ўзбекистон турли уюшмаларнинг уйғунликда яшаши ва барча учун дин эркинлигини таъминлашга тайёр эканлигини намоён этмоқда”

16:31 08 Июнь 2018 Сиёсат
812 0
Фото: 1news.uz

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси тавсиялари асосида ишлаб чиқилган дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланганига юксак баҳо берди.

Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид бу Ўзбекистон турли уюшмаларнинг уйғунликда яшаши ва барча учун дин эркинлигини таъминлашга тайёр эканлигидан далолат беришини таъкидлади.

“Мен парламент томонидан мазкур “йўл харитаси” қабул қилинишини олқишлайман. Бу сиёсатчиларнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни яхшилаш ва ҳар томонлама дин эркинлигини таъминлашга эришиш учун тайёр эканлигини англатади”, деди у.

У охирги 15 йилда БМТ тизимида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрган махсус маърузачидир. Мутахассис ўтган йилнинг 2-12 октябрь кунлари мамлакатимизга келган ва ўз сафари чоғида 12 та тавсия билдирганди.

Хусусан, диний маърифат даражасини ошириш, уюшмалар эркинлигини кенгайтириш, ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, шунингдек, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш каби масалаларда ўз фикрлари билан ўртоқлашганди.

Аҳмед Шаҳид ҳокимият янги “йўл харитаси”ни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий принципларга риоя этишига умид билдирди. У Ўзбекистонга ўзининг экспертлик кўмагини ҳам таклиф қилди.

Халқаро эксперт ўз баёнотида Ўзбекистон Президенти 5 май куни имзоланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида Фармон имзолаганини эътироф этиб, мазкур ҳужжатда қатор, жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид 38 та аниқ чора белгилаб қўйилганига урғу берди.

БМТ вакилининг фикрича, Ўзбекистонда турли уюшмаларнинг уйғунликда яшаши динлараро муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир инсон ўзлигини намоён этиши орқали жамиятнинг равнақ топишига самарали асос яратади.

Бундан олдин Аҳмед Шаҳид БМТ янгиликлар хизматига берган интервьюсида Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг бир қисми эканлиги, бу заминда турли маданиятларга нисбатан бағрикенглик анъанаси қадрланишини айтиб ўтганди. У айни чоғда бир неча ўн йил давом этган собиқ иттифоқ даврида диний эътиқод босимга учраши натижасида диний маърифат ресурслари деярли йўқ бўлиб кетганини қайд этган.

БМТ эксперти бугун диний маърифатни тиклаш зарурияти бор деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, акс ҳолда бу борада бўшлиқ ҳосил бўлади. Оқибатда мамлакат 90-йилларда ташқи дунёга очилгани каби бу ерга турли, хусусан, динни ниқоб қилиб олган бузғунчилик ғоялари осонгина кириб келиши мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар