Аҳмед Башар ШЕН: «Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари жаҳон миқёсида эътирофга лойиқ»

11:05 26 Апрель 2018 Сиёсат
1158 0

Туркия — мамлакатимиз ташқи сиёсатида алоҳида ўринга эга. Ушбу давлат Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. Қолаверса, ўзбек ҳамда турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчилар бўлиб, уларнинг маданияти, дини ҳамда урф-одатлари бир-бирига жуда яқин.
Яна бир муҳим жиҳати, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, давлатчилик борасидаги юксак тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга.

Мухбиримизнинг Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар ШЕН билан уюштирган эксклюзив суҳбати икки томонлама муносабатларнинг янги даври ҳақида бўлди.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатлар бугун бутунлай янги суръатларда ривож топмоқда. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқотлари ҳам мунтазамлик касб этаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Орадан бир қанча муддат ўтганига қарамай, ана шу ташрифни, унинг самараларини экспертлар, кенг жамоатчилик алоҳида эътироф қилмоқда. Шу ҳақда Сизнинг ҳам фикрларингизни билмоқчи эдик?

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 — 27 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларимизнинг келажаги нуқтаи назаридан бурилиш нуқтаси бўлди. Дастлаб муҳтарам Президентимиз Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил Самарқандга амалга оширган ташрифи, кейинроқ Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга тарихий ташрифидан сўнг ўзаро алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Натижада ҳар қандай соҳада муносабатларимиз тобора мустаҳкамланмоқда.

Ушбу ташриф доирасида, шунингдек, турли идоралар ва ташкилотлар ўртасида жами 22 та битим имзоланди. Айни пайтда икки давлат Президентлари томонидан келишиб олинган масалалар ҳам элчихонамиз, ҳам мамлакатларимизнинг бошқа идора-ташкилотлари томонидан қатъий назорат этиб келинмоқда. Шу йўл билан келишувларни амалда жорий қилиш, уларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги учун астойдил интилаяпмиз. Бу борада маълум муваффақиятларга эришганимизни ҳам айтиб ўтиш керак. Чунончи, икки томонлама савдо жадал ривожланаётир.

Деярли ҳар ҳафта Тошкентда туркиялик турли тармоқ тадбиркорларидан иборат делегацияларни кутиб олмоқдамиз. Ўзбекистонда турк инвестициялари миқдорини ошириш бўйича чоралар кўраяпмиз. Икки давлат фуқароларининг ўзаро ташрифлари салмоғи ҳам кун сайин кўпаймоқда. Яқин келажакда авиаташувлар сони ортиши ҳамда Ўзбекистонга келадиган турк сайёҳлари сафи ҳам сезиларли даражада кенгайиши кутилаяпти.

— Яқин кунларда юртимизга Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг келиши режалаштирилган. Мазкур ташрифдан нималар кутилмоқда?

— Юқорида таъкидлаганимдек, Президентларимизнинг доимий мулоқотлари Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлади. Давлатимиз раҳбари жаноб Режеп Таййип Эрдўғоннинг амалга оширадиган ташрифи Туркия ҳамда Ўзбекистон ўртасида охирги 1,5 йил ичида олий даражада амалга оширилган учинчи ташриф бўлади. Мана шу уч ташрифнинг ўзиёқ ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз эришган даражани кўрсатмоқда. Президентлар бу каби ташрифлардан ташқари, телефон ва бошқа имкониятлар орқали тез-тез мулоқот қилиб, ўзаро фикр алмашиб турибдилар. Бу ҳам иккала давлат етакчисининг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар соҳада ривожлантириш учун иродалари бениҳоя кучли эканини очиқ-ойдин намоён этаяпти.
Бундан ташқари, ушбу ташриф 15 йилдан сўнг Туркия Президентининг Ўзбекистон пойтахти бўлмиш сўлим Тошкент шаҳрига амалга оширадиган биринчи давлат ташрифи бўлиши жиҳатидан ҳам тарихий аҳамиятга эга.

Ҳурматли Президентимизнинг  яқин кунларда амалга оширадиган ташрифи чоғида аввал қабул қилинган қарорлар ижроси кўриб чиқилади ҳамда Туркия — Ўзбекистон муносабатларини қардошлик, тенглик, ўзаро ишонч, ҳар икки томоннинг манфаатлари асосида янада юқори даражаларга олиб чиқувчи муҳим қарорлар имзоланади. Ташриф доирасида иқтисод, савдо, ҳуқуқ, таълим, маданият ва илмий ҳамкорлик сингари кўплаб соҳаларни ўз ичига олган бир қанча битимларнинг имзоланиши кўзда тутилмоқда. Шу йўл билан стратегик даражага чиқарилган алоқаларимизнинг янада чуқурлашиши ҳамда Стратегик шериклик механизми доирасида институциализациялашиши борасида муҳим қадамлар ташланиши мумкин бўлади.

Жаноб Президентимизга ҳамроҳлик қилувчи делегация аъзолари орасида вазирларимиз, депутатларимиз, тегишли идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари билан бир қаторда, юздан ортиқ ишбилармонларимиз ҳам ўрин олган. Жаноб Президентларимизнинг иштироки билан ўтказиладиган бизнес форумида савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш борасида муҳим одимлар ташланади. Бундан ташқари, долзарб минтақавий ҳамда халқаро масалаларда ҳам ҳамкорликнинг кучайтирилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбарлари даражасидаги ташрифлар доимо муҳим ўринга эга. Бироқ Туркия ва Ўзбекистоннинг муҳтарам Президентларининг ташрифи яна ҳам катта аҳамият касб этаяпти. Чунки турк халқи Ўзбекистонни ота юрти, Ўзбекистон халқини қардош халқ, Ўзбекистон Республикасини қардош давлат сифатида кўради. Бу ташриф ҳамда мулоқотлар аслида халқлар ўртасида мавжуд бўлган бир неча юз йиллик мустаҳкам ришталарнинг акс этишидир. Президентлар халқ ва давлат вакилидирлар. Президентларимизнинг учрашиши ҳам аслида халқларимизнинг бир-бирига қучоқ очиши рамзидир.

— Ўз фаолиятингиз давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишларини ривожлантиришни устувор вазифа, деб ҳисоблайсиз?

— Туркия билан Ўзбекистон тарихий ришталари бир, муштарак маданий меросга эга қардош мамлакатлардир. Бундай бақувват илдизлари бор икки юрт ўртасида ҳар соҳада ҳамкорликнинг мустаҳкам бўлишига эҳтиёж катта. Туркия ҳамда Ўзбекистоннинг мақсадлари, муносабатлари, салоҳияти шундайки, бирон соҳани алоҳида устувор деб ажратиш мушкул. Ҳамкорлигимизни ҳар жабҳада жадал ривожлантиришимиз — асосий вазифаларимиздандир. Айни пайтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва турк тадбиркорларининг интилишлари натижасида иқтисодиёт ҳамда савдо тармоқлари изчил ривож топаяпти. Шунингдек, ҳарбий, маданий, таълим ва жиноятга қарши курашиш борасида қатор умумий лойиҳалар тайёрланмоқда. Умуман олганда, ҳар бир соҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳаракат қилаяпмиз. Қардош халқлар вакилларининг бир-бирлари юртларига ташриф буюриб, ўзаро яқиндан танишишларини, яъни сайёҳлик соҳаси ривожланишини муҳим, деб ҳисоблаймиз.

— Биласиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди. Юксак минбардан туриб айтилган ушбу сўзлар, шубҳасиз, ислом динига эътиқод қилувчи халқлар ўртасида катта акс садо берди. Масалан, давлатимиз раҳбари ўз чиқишини якунлаганидан кейиноқ ўша ернинг ўзида биринчи бўлиб Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Юртбошимизни табриклаган эди. Айтинг-чи, Ўзбекистонда ислом динини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни Туркия ҳукумати қандай баҳолайди?

— “Тинчлик” маъносини англатувчи ислом дини билан террор бир пайтнинг ўзида ёдга олинишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳар фурсатда таъкидлаб келинмоқда. Шунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида ўрин олган инсонпарварлик, эзгулик ва тинчликка йўғрилган ислом дини ҳақидаги сўзлари муҳтарам Президентимиз Режеп Таййип Эрдўғоннинг ёндашувига ўта мос келиб, икки давлат раҳбарларининг тафаккур ўхшашлигини намоён этаётир. Бағоят аҳамиятли бу мавзуда Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳамфикр эканликларини мамнуният билан кўриб турибмиз.

Ўзбекистон ўз тарихи, маданияти, аҳолиси ҳамда жуғрофияси билан буюк давлат ҳисобланади. Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий ва яна кўплаб ислом уламоларининг яшаб, шуъла таратган маркази — шу Ўзбекистондир. Бундай бой меросга эга юртингизнинг ислом дини маърифатини юксалтиришга доир барча саъй-ҳаракатлари жуда катта аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ташаббуси жаҳон ҳамжамиятида ислом дини бўйича маълумотга эга бўлиш даражасини кўтаришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Қолаверса, бу Туркия томонидан яқиндан кузатилиб, юқори баҳо берилмоқда. Ўзбекистон худди ўтмишда бўлгани каби келажакда ҳам исломни тўғри тушунтириш ҳамда дунёга тўғри акс эттириш учун кўриладиган чоралар жиҳатидан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда Имом ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини тузиш, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом университети очилишини сидқидилдан қўллаб-қувватлаймиз.

— Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан яқинда туркиялик фуқароларнинг мамлакатимизга 30 кун давомида визасиз келиши йўлга қўйилди. Икки давлат ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожи тўғрисида нималар дея оласиз?

— Ўзбекистон фуқаролари учун 2007 йилдан буён Туркияга визасиз кириш тартибини жорий қилган Туркия визасиз саёҳат имконининг аҳамиятини жуда яхши билади. Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармон билан турк фуқаролари учун визасиз режим ёрдамида ҳам тадбиркорларимиз, ҳам сайёҳларимиз, қолаверса, сайёҳлик соҳасида иш юритувчи малакали мутахассисларимизнинг Ўзбекистонга келиши осонлашди. Мазкур ҳужжат бизнинг юртда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Президентимиз бу ташаббус учун Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига қўнғироқ қилиб, миннатдорлигимизни билдирганлар.

Ўзбекистонни ўзи учун кашф этиб, унинг тарихини чуқур ўрганмоқчи бўлганлар, умуман, аждодлар тарихига қизиққан фуқароларимиз аввалги виза қоидасига қарамай, Ўзбекистонга ташриф буюришдан ортга чекинмаганлар. Визасиз режим қарори имзоланмасидан аввал, 2016 йилда тахминан 40 минг, 2017 йилда эса 49 минг нафарга яқин туркияликлар Ўзбекистонга келди. Бошқача айтганда, икки йиллик ўсиш суръати 22 фоиздан ортиқни ташкил этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусидан сўнг бу кўрсаткичнинг жадал ортишига ишончимиз комил. Шунингдек, “Турк ҳаво йўллари”нинг 2018 йил 16 март куни бошланган Истанбул — Самарқанд авиақатнови ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшади. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парвозлари билан икки мамлакат орасидаги ҳафталик парвозлар сони жами 20 тадан ошади. Мазкур миқдорни янада кўпайтириш, бориладиган шаҳарлар рўйхатини кенгайтириш бўйича иш юритаяпмиз. Бу ўзгаришлар, шак-шубҳасиз, сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни ҳамда халқларимиз ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди ва Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшади.

Бой маданий меросга эга Ўзбекистон сайёҳлик учун жуда қулай имкониятларга эга. Буюк Ипак йўлининг тарихий жавоҳирлари бўлмиш Самарқанд ҳамда Бухоро, дин улуғлари ва илм арбоблари яшаб ўтган Мовароуннаҳрнинг қадим кентлари — Хива ҳамда Шаҳрисабз, Қўқон жаҳоннинг муҳим сайёҳлик марказларига айланиши мумкин. Шу сабабли, Ўзбекистоннинг туризм соҳасида ҳам жадал ривожланишига ишончим комил.

Туркияда сайёҳлик тармоғига “Мўрисиз саноат” деб қаралади. Туркия бир йилда 36 миллион сайёҳни қабул қилади ва ушбу соҳадан 34 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўради. Бу борада жаҳонда 6-ўринни эгаллашдек муваффақиятга эришиб, сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш йўлидан бормоқда. Туризмни ривожлантириш масаласида ҳам Туркия идоралари ҳамда хусусий сектори Ўзбекистон билан маълумот ва тажриба алмашмоқда, туризм ҳамда меҳмонхоналарни бошқариш соҳаларида тез-тез мулоқотлар амалга оширилмоқда. Қатор ва турфа лойиҳалар устида биргаликда иш юритаяпмиз.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз ўртасида тармоқлараро ҳамкорлик орқали кучайтириладиган туризм нафақат бизнинг, балки бошқа давлат фуқароларига ҳам илму ирфон, маданият, тарихнинг юраги бешиги бўлган бу заминга келиб, мазкур бетакрор юрт билан яқиндан танишиш имконини беради.

«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар