Аҳмед Башар ШЕН: “Қардош Ўзбекистон халқининг ўз мустақиллигига эришган кун биз учун ҳам байрамдир”.

15:14 30 Август 2018 Сиёсат
235 0

Аҳмед Башар ШЕН, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришганидан буён жадал ислоҳотлар жараёни бошланди ва  бу изчил давом эттирилмоқда. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон халқининг иқтисодий фаровонлигини юксалтириш, давлат ва ҳуқуқ тизимини ҳам ҳар томонлама равнақ топтириш мақсадларини қамраб олган. 

Бу даврда дастлаб иқтисодиёт ва ҳуқуқ тизими, сўнг деярли ҳар бир соҳада кенг ислоҳотлар амалга ошириляпти. Уларнинг бир қисми ҳозирданоқ натижа бермоқда. Ички ишлар, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда юз берган ўзгаришларни Ўзбекистон ¬халқи, албатта, юқори баҳолайди. 

Президент Шавкат Мирзиёев даврида мамлакатнинг ташқи алоқаларда эришган ютуқларини уч йўналишда кузатиш мумкин. Булар — икки томонлама алоқалар, минтақавий мавзулар ва кўп томонлама муносабатлар. Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон даставвал қўшнилар, сўнг барча давлатлар билан муносабатларда катта қадам ташлади. Бунинг натижасида эса савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб, Ўзбекистонга ташриф бую¬раётган сайёҳлар кўпайганига, маданий, илмий, техник каби қатор соҳаларда ўсиш кузатилаёганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу маънода, Туркиянинг ҳам олдинги сафлардан ўрин олиши биз учун қувончлидир. 

Президентимиз Режеп Таййип ¬Эрдўғон Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига сайланганидан сўнг Ўзбекистонга икки маротаба, мамлакатингиз раҳбари эса Туркияга бир маротаба ташриф буюрди. Қисқа муддатда муносабатларимиз Стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, савдо айланмаси хажми йиллик ўртача 30 фоиз кўпайди. Ўзаро муносабатларимизда эришилган марраларни батафсил қоғозга тушириш учун кўп саҳифалар керак бўлади. Бироқ мен қисқача қилиб, ҳамма соҳаларда катта ўзгаришлар юз берганини таъкидлаш билан кифояланаман. 

Ташқи алоқаларнинг иккинчи қирраси бўлган минтақавий соҳада Шавкат Мирзиёевнинг президентлик даврида Ўзбекистон муҳим одимлар ташлади. 2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ҳамкорлиги мавзуидаги конференция, мазкур анжуман чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Остона шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви жараёни, шунинг¬дек, 2018 йил март ойида Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича конференция мамлакатингизнинг ўз минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича ташлаган улкан қадамларидир. 

Қардош Ўзбекистон халқининг ўз мус¬тақиллигига эришган кун биз учун ҳам байрамдир. Ўзбекистон истиқлолини биринчилардан бўлиб тан олган давлатнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида қардош юртга мустақиллиги абадий бўлишини, Ўзбекистонда ¬Президент Шавкат Мирзиёев томонидан юритилаётган ислоҳотлар ¬жараёни муваффақиятли давом этишини истайман. Турк халқи ва шахсан ўз номимдан чин кўнгилдан Ўзбекистон аҳлига тинчлик, осойишталик ва ¬барқарорлик тилайман. Турк ва ўзбек халқларининг, давлатларининг қардошлиги абадий бўлсин!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар