Аҳмад Зоҳир нимадан қўрққан?

15:07 10 Май 2018 Маданият
793 0
Фото: youtube.com

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар икки давлатнинг ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро манфаатли дўстона муносабатларини кенгайтириш  тарафдори. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш лозимлигига жаҳон ҳамжамияти этиборини қаратгани ҳам ана шундан далолатдир. Тошкентда бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, ҳавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро анжуман бу борадаги амалий интилишларга янгича руҳ бахш этди.

Мазкур анжуман бўлиб ўтаётган кунларда ижтимоий тармоқлар, сайтлар орқали афғонистонлик Мажид Андўйнинг “Ўзбегим фарзандиман” деган қўшиғи бот-бот янгради. Бу дилбар қўшиқ қисқа вақт мобайнида минглаб юртдошларимиз қалбидан жой олди, десак муболаға эмас. 
Сўрсангиз аслу насаб мендан, замон фарзандиман,
Миллати ўзбек, буюк Соҳибқирон фарзандиман...

Ушбу мисралар бошланувчи бу хонишнинг дилларимиздан жой олгани бежиз эмас. Зеро, афғон ва ўзбекнинг санъати, оҳанги, наволари бир-бирига яқин. Афғонистонда бизнинг хонандаларимиз қўшиғи қанчалик қизиқиш ва эътибор юксак бўлса, Ўзбекистонда ҳам уларнинг ҳофизларини севиб тинглаймиз. Халқимиз, айниқса, Аҳмад Зоҳирни алоҳида қадрлайди.   

Аҳмад Зоҳир 1946 йилнинг 14 июнида Кобул шаҳрида туғилди. Отаси, Нью-Йоркдаги Колумбия университетини битирган Абдул Зоҳир шоҳ саройининг доктори эди. У турли йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири, Бош вазир, парламент раиси бўлган, 1964 йилда ёзилган Афғонистон конституциясининг муаллифларидан бири эди.
Аҳмад 1960-йилларда Кобулнинг Ҳабибия мактабида ўқир экан, Умар Султон, Фарид Заланда, Кабир Ҳувайдо сингари дўстлари билан гуруҳ тузиб, аккордеон чалиб, қўшиқ айтар эди. Уларнинг гуруҳи кейинчалик “Ҳабибия мактаби гуруҳи” сифатида байрамларда чиқиш қила бошлади.

Мактабдан сўнг ўқитувчилар коллежини битиргач, инглиз тили муаллими даражасини олиш учун икки йил Ҳиндистонда ҳам ўқиди. Аҳмад Зоҳир Ҳофиз, Саъдий, Бедил, Жалолиддин Балхий каби машҳур форс шоирларининг ғазалларини куйлай бошлади. У айниқса, Жалолиддин Румий ижодига катта муҳаббат билан қарар эди. 

Аҳмад Зоҳир ўн йил ижод қилди. Аммо шу қисқа фурсатда 30 дан ортиқ альбом чиқарди. Дарий, пуштун, ҳинд, инглиз тилларида қўшиқлар куйлади. Дунёда бу борада унга тенг келадиган санъаткор йўқ. Йилига учтадан, баъзан тўртта альбом чиқариш ҳалигача ҳеч кимга насиб қилмаган. Қўшиқчилар қироли бундан эллик йил бурун, ҳозирги шароитлар, эндиги чолғу асбоблари-ю компьютерлар, замонавий овоз ёзиш студиялари бўлмаган замонда баъзи альбомларини бор-йўғи бир кунда ёзиб битирган. 14-15 та қўшиқни жонли ижрода, созандалар жўрлигида бир кунда ёзиб тугаллашни тасаввур қилиб кўринг. 

Шунчалик иқтидор эгаси масъулиятни, мухлис олдидаги жавобгарликни бир зум бўлса-да, унутмаган. Айтишларича, бир куни уни марказий телевидениега чақиришади. Ўшанда ҳофиз эфирга узатиладиган бир қўшиқни 47 марта қайта-қайта ёздирган экан. Бунинг сабабини сўрашганида, у: “Томошабин кўзига оддий хиргойичи сифатида кўринишдан қўрқаман. Мухлис санъаткорнинг қаноти, у бўлмаса биз парвоз қилолмаймиз” деган экан. Тириклик чоғидаёқ довруғи оламга ёйилган Аҳмад Зоҳир тингловчини шунчалик ҳурмат қилган экан, унинг юқоридаги фикрларидан бизнинг саводи ҳаминқадар, аммо кибри самоқадар бўлган баъзи хонандаларимиз ўрнак олса арзийди...   
Аҳмад Зоҳирнинг шуҳрати бутун дунёга ёйилгани учун ҳам Афғонистонда қўшиқчилик санъатига эҳтиром ортди. 

Аҳмад Зоҳирни форсийзабон мамлакатлар бирдек севишар, концерт беришга чақиришар эди. Уни Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистонда ҳам севар эдилар. Аҳмад Зоҳир Россияда ҳам концерт берган, Россия телевидениеси уни намойиш қилган.

Унинг қўшиқларини барча мамлакатлар, ҳатто Ғарбда ҳам куйлашади, оҳанглари асосида қўшиқлар яратишади. Ўзбек шинавандалари Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Насиба Абдуллаева, Мардон Мавлонов ва бошқа кўплаб хонандалар ижросида Аҳмад Зоҳир қўшиқларини тинглашган. 
Аҳмад Зоҳир айнан туғилган кунида, 1979 йилнинг 14 июнь куни Саланг довонида автоҳалокат туфайли нобуд бўлди. Ўша куни Кобул кўчаларида ҳаракат тўхтади. Барча таълим муассасаларида ўқиш, барча корхоналарда иш тўхтади. Афғон халқи эрка қўшиқчиси Аҳмад Зоҳир билан видолашгани чиқди. Уни халқ бугунги кунга қадар зиёрат қилаётган “Солиҳ шаҳидлар” қабристонига дафн этишди.
Аҳмад Зоҳирнинг хотини, ўғли Ришод, қизи Шабнам ҳам Америкада яшайди. Ришод Зоҳир худди икки томчи сувдек Аҳмад Зоҳирга ўхшайди. Аҳён-аҳёнда отаси каби қўшиқ айтиб туради.

Аҳмад Зоҳир серқирра истеъдоди, дунёқарашининг кенглиги, намунали хулқи билан бошқалардан ажралиб турган. Мусиқани астойдил хушлагани боис улуғ ҳинд бастакори Рави Шанканинг ижодий фаолиятини қунт билан ўрганган бўлса, шеъриятга бўлган муҳаббати туфайли 20 аср форс шеъриятининг ёрқин намояндаси Фуруғ Фаррухзоданинг барча шеърларини деярли ёд олган. Фалсафага қизиққани учун Эйнштейнни қунт билан ўқиган, шарқ алломалари ва сўфийлар ҳаётини ўрганган. 
Бугунги кунда ҳам афғон ёшлари Аҳмад Зоҳирни бир дам бўлса-да, унутишгани йўқ. Улар улуғ ҳофизнинг қўшиқларини севиб куйлашади, Аҳмад Зоҳир қўшиқлари бўйича танлов ўтказишади. Соф муҳаббат, инсоний фазилатларни чин дилдан куйлаган санъаткор қўшиқлари бошқа миллатлар, айниқса, ўзбеклар томонидан ҳам меҳр ва соғинч билан тараннум этилиши ҳамда тингланиши урф-одати, санъати, навоси бир халқларни ўзаро жипс, аҳил-иноқ бўлиб яшашга ундаши билан алоҳида аҳамият касб этади. 
Мақсуд ЖОНИХОНОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар