Аҳмад Холид ЭЛМИЙ: “Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик Афғонистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар билан муносабатлари орасида олий ва ёрқин даражадагиси бўлади”

11:01 19 Август 2019 Жамият
235 0

19 август куни Афғонистон Ислом Республикаси ўз мустақиллигининг юз йиллигини нишонлайди. Ушбу сана олдидан мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Элмий билан эксклюзив интервью уюштирдик.

— Элчи жаноблари, шу кунларда Афғонистон халқи муҳим сана — Мустақиллик кунининг 100 йиллигини нишонламоқда. Дастлаб шуни сўрамоқчимиз. Айтинг-чи, мазкур байрамни Афғонистон қандай кутиб олмоқда ва бу сана афғон халқи учун қандай аҳамиятга эга?

— Афғонистон мустақиллик куни, шубҳасиз, ушбу сарзаминда истиқомат қиладиган бир-бири билан биродар бўлган халқлар ва элатлар учун катта фахр бўлиб, афғон халқи учун улуғ тарихий санадир. Қолаверса, боболаримизнинг ғурури, ғайрати ва ҳиммати баландлигининг нишонасидир. Шу сабабли мазкур сана ҳар йили шукуҳ билан нишонланади. Тарихий ғурур ва фахримиз бўлган бу байрамни нишонлаш муштарак Ватанда истиқомат қиладиган халқлар ва элатларни бирдамлик, тарихни тушуниш ҳамда ҳис этишга, якдиллик ва биродарликка чорлайди. Халқимиз ушбу фахр ва ғурурни ҳис этиб, бу улуғ неъматни асраш йўлида ўз зиммасига масъулият олган. Шу боис ягона тарихий мақсадга эришиш йўлида ҳозирги ва келажак авлодлар бирдам бўлишимиз, мустақиллик ҳамда миллий суверенитетни асрашимиз, биродарлик, якдиллик, бағрикенглик руҳини сақлашимиз, истиқлол ва озодлик садоларини халқимиз қалбида доимо жаранглаб туришига эришишимиз лозим. Муҳими, хорижий тажовузларга қарши боболаримиз каби фидокор бўлишимиз ҳамда мамлакат истиқлоли ва озодлигини асраб-авайлашимиз зарурдир.

Афғонистон мустақиллиги қайта тикланганлигининг 100 йиллиги байрам шодиёналари Президент саройида бўлиб ўтади. Ушбу кун Кобул шаҳрида катта тантанага айланади, халқ сайли уюштирилади, мамлакат Президенти телевидение орқали афғон халқига табрик йўллайди ҳамда мустақиллик куни муносабати билан Мустақиллик минораси пойига давлат раҳбари томонидан гулчамбар қўйилади. Кобул шаҳрида ҳарбий парад ўтказилади, Афғонистоннинг барча ҳудуди давлат байроғи билан безатилади, мамлакат олий мартабали шахслари, чет эллик меҳмонлар ва Кобулдаги хорижий мамлакатлар сиёсий ваколатхоналарининг раҳбарлари учун тантанали зиёфат уюштирилади.

— Афғонистон ноёб стратегик трансчегаравий имкониятларга эга, Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган мамлакат ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни барпо этиш, унинг иқтисодиёти ва транспорт инфратузилмасини тиклашга кўмаклашиш тарафдори. Ҳозирги босқичда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик суръатини қандай баҳолайсиз?

— Бизнинг қўшни, чегарадош, дўст ва биродар Ўзбекистон билан тарихий, маданий, диний ва тил муштараклигимиз мавжуд. Шу боис Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришган кундан бошлаб, унинг раҳбарияти Афғонистон билан яхши алоқаларни таъминлашни мақсад этиб, бунга амалда эришган. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида бу муносабатлар олий даражага кўтарилди ва Афғонистон Ислом Республикаси ўзининг ташқи сиёсатида Ўзбекистон Республикаси билан дўстликни устувор йўналиш сифатида белгилаган. Афғонистон Президенти таъкидлаганидек, Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик Афғонистоннинг бошқа хорижий мамлакатлар билан бўлган муносабатлари ўртасида олий ва ёрқин намуна бўлиши лозим. Савдо-иқтисодий, транспорт ва инфратузилма ҳамда бошқа соҳаларга оид имзоланган 30 дан зиёд битим ва шартномалар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланиб бораётганидан далолат беради. Маълумки, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф ўани Жаноби Олийлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг жорий йилнинг 13 июнида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Бишкек шаҳрида ўтказилган йиғилиши доирасидаги учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш алоҳида таъкидланди. Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 23 май куни Термиз шаҳрида, 1 — 3 июль кунлари Мозори-Шариф шаҳрида бизнес форумлари ўтказилди. Шунингдек, 2019 йилнинг 15 — 18 июль кунлари Тошкент шаҳрида бизнес форуми ва Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Албатта, бундай анжуманлар Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо айланмасининг ўсишига ёрдам беради. 2019 йил 16 июлида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро савдо ва иқтисодий комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилганлиги, шубҳасиз, иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга кўмак беради. Мазкур анжуманлар ва йиғилишлар Афғонистон ва Ўзбекистон раҳбариятининг икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўрсатмаларини бажаришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларни, жумладан, Афғонистон учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган 500 кВт.ли Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш ва Мозори-Шариф — Ҳирот йўналишида темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил июль ойида Мозори-Шарифга ташрифи чоғида ўзбек томони Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш лойиҳаси учун 45 млн. доллар миқдорида чегирма бериши ҳақида эълон қилди. Бу эса, ўз навбатида, дўст Ўзбекистоннинг Афғонистонга бўлган эзгу ниятлари, самимийлигидан далолатдир. Ўзбекистон Республикасининг темир йўл соҳасидаги бой тажрибасини ҳисобга олиб, афғон томони темир йўл соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоридир. Мозори-Шариф — Ҳирот темир йўл лойиҳаси Афғонистондаги йирик инфратузилма лойиҳаларидан биридир. Биз мазкур муҳим ишни бошлаш ва амалга оширишда икки мамлакат ҳар томонлама ҳамкорлик қилишини истаймиз.

— Ўзбекистон Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва афғон халқининг турмуш даражасини яхшилаш учун катта саъй-ҳаракатларни олиб боряпти. Бу борада улкан гуманитар лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сизнинг-ча, улар Афғонистоннинг ҳозирги ривожланишига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Умуман, икки томонлама савдони янада ошириш учун қандай чоралар кўрилиши керак?

— Дарҳақиқат, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо, иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат муносабатларининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Ушбу соҳаларда катта имкониятлар мавжуд. Улардан янада самарали фойдаланиш мақсадида аниқ ва изчил чоралар кўриш лозим. Таъкидлаш жоизки, 2018 йил якунида ўзаро савдо айланмаси 600 млн. АҚШ долларидан ошган. Афсуски, жорий йилнинг январь — май ойларида ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги рақамлардан 24,8 фоиз камайган ва 216 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Икки мамлакатнинг жуғрофий жойлашганлиги, ривожланган халқаро транспорт даҳлизларининг мавжудлиги ва бошқа тегишли омилларни ҳисобга олиб, Афғонистон ва Ўзбекистон ўзаро савдо айланмасини 1,5 млрд. долларга етказиш салоҳиятига эгалигини таъкидлаш жоиздир. Шу муносабат билан икки мамлакат экспорт ва импорт маҳсулотларини ташишда божхона йўналишида ўзаро енгилликлар яратиш, чегара савдосини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, икки мамлакат бизнес вакилларининг кўргазмаларда иштирокини фаоллаштириш, савдо ва саноат палаталари ҳамкорлигини кенгайтириш, олий ҳамда юқори даражаларда эришилган келишувлар ва бизнес шартномаларини амалга ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш таклиф этилади.

Шунингдек, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири бўлиб, икки мамлакат иқтисодий манфаатларига жавоб беради. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида халқаро юк ташишни янада ривожлантириш мақсадида ва қулай иқтисодий ҳамда ҳуқуқий шароитларни яратиш учун Ҳукуматлараро юк ташиш битимини имзолаш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан Афғонистон экспорт маҳсулотларини темир йўл орқали транзит ташишда имтиёзлар ва чегирмалар берилиши кўзда тутилмоқда.

— Ўзбек ва афғон халқларини чуқур тарихий ва маънавий ришталар боғлаб туради. Афғонистондаги ўзбеклар мамлакатдаги тўртинчи йирик этник гуруҳдир. Шулардан келиб чиқиб, давлатларимиз ўртасидаги маданий ва гуманитар ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

— Чиндан ҳам, халқларимиз тарихий, маданий ва диний муштарак қадриятларга эга ва бу борада бир қанча ишлар амалга оширилган. Ушбу тарихий узвийлик мавжудлигига қарамай бажарилган ишлар етарли эмас ва янада кўпроқ саъй-ҳаракатлар қилиниши лозим. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасини ривожлантириш ва афғонистонлик сайёҳларни жалб этиш бўйича ишчи гуруҳи тузишга келишиб олинди. 2018 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида Ўзбекистон ва Афғонистон дўстлик жамияти тузилди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан афғон ёшларини ўқитишни қўллаб-қувватлаш фонди фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ушбу мавзуни Ҳирот шаҳрида ўтказилган анжуманда билдирди. Икки мамлакат учун муштарак бўлган улуғ шахслар фаолиятига бағишланган анжуманлар (Абу Райҳон Беруний, 2018 йил, Кобул шаҳри, Гавҳаршодбегим, Тошкент шаҳри) ўтказилди. Ҳозирги кунда 27 нафар афғон фарзанди Термиз шаҳридаги ўқув марказида таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида биз ушбу марказга 200 нафар афғон талабаларини юборишни режалаштирганмиз. Афғон томони темир йўл соҳасида таҳсил олаётган талабаларининг сонини 400 кишига етказишни режалаштирган. Шунингдек, Афғонистондаги “Бришно Ширкат” идораси энергетика соҳасида ўқитиш учун 25 — 50 кишини Ўзбекистонга юбориш ниятидадир. 96 нафар афғон талабаси ўзбек тили ва адабиёти йўналишида Термиз ўқув марказида муваффақиятли таҳсил олиб, ўз юртига қайтди. Афғонистон Президенти кўрсатмасига мувофиқ, Кобул университетида ўзбек тили маданий маркази тузиш режалаштирилган ва талабалар ҳамда илмий ходимларни ўзбек тили ва адабиёти йўналишида бакалавр, магистратура ва докторантура даражасида таҳсил олиш учун Ўзбекистонга юбориш ва келажакда ўзбек тилида ёзиш ва расмий иш юритишда улардан фойдаланиш кўзда тутилган. Шунингдек, муштарак тарихий обидаларни таъмирлаш ва Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларнинг мақбараларини обод этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

— Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда VIII Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VIII) ўтказилиши режалаштирилган. Бу анжуман афғон муаммосининг долзарб масалаларини ҳал қилишда ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, Афғонистоннинг тинч ва барқарор тикланиши ҳамда ривожланишига кўмаклашиш, умуман, минтақавий ва минтақалараро миқёсда иқтисодий интеграцияни ривожлантириш учун умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда самарали муҳим платформа саналади.

Айтинг-чи, мазкур тадбирда афғон делегацияси қандай муаммоларни кўтаради ва афғон томони кўп томонлама учрашувдан нимани кутмоқда?

— Маълумки, жаҳон ҳамжамиятининг эътибори Афғонистонда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга эришиш масаласига қаратилган ва бугунги кунда тинчлик жараёнини йўлга қўйиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Айнан шу нуқтаи назардан Афғонистон учун минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясининг саккизинчи йиғилиши (RECCA VIII) “Минтақавий ўзаро боғлиқлик ва савдо-сотиқ, бу — тинчлик ва тараққиёт сари йўл” мавзуида Тошкентда ўтказилаётгани рамзий маънога эга.

Конференцияда Афғонистондаги йирик иқтисодий лойиҳаларни минтақа ва дунё мамлакатлари билан биргаликда амалга оширишни муҳокама этиш кўзда тутилгани алоҳида аҳамиятга эгадир.

— Суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. Ушбу муҳим байрам олдидан ўзбек халқига тилакларингиз...

— Фурсатдан фойдаланиб, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари раҳбарлигидаги дўст ва биродар мамлакат ва унинг халқини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзимнинг самимий табрикларим ҳамда эзгу тилакларимни билдираман. Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо, иқтисодий, транспорт ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик халқларимиз манфаати йўлида янада ривожланиши ва кенгайишига ишонаман. Самимий табрикларимни яна бир бор изҳор этиб, Ўзбекистон Республикаси халқига доимий тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилайман.

Афғонистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги абадий бўлсин!

Мустақиллик байрами муборак бўлсин!

Омонулла ФАЙЗИЕВ

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019