Афғонистонда яшайдиган болаларнинг деярли ярми мактабларда ўқимайди

12:05 04 Июнь 2018 Дунё
1195 0
Фото: anticorr.media

Афғонистон мамлакатида яшайдиган болаларнинг деярли ярми мактабларда ўқимаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ ҳисоботига асосланиб Tolonews ахборот манбаси хабар берди.

Унга кўра, мамлакатда 7 ёшдан 17 ёш оралиғидаги қарийб 3,7 миллион бола ва ўсмир, яъни у ердаги мазкур ёш гуруҳлари вакилларининг 44 фоизи мактабга бориш имкониятига эга эмас. “Америка овози” телерадиосининг қайд этишича, бу “Толибон” ҳаракати ҳокимияти ағдарилган 2000 йил бошидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар, мактаблар учун хавфсизлик кафолати йўқлиги, юқори даражадаги қашшоқлик бунинг сабаблари сифатида кўрсатиб ўтилган. Ўз навбатида гендер тенглиги бўйича ҳам муаммолар ўткирлигича қолган. Масалан, таълим даргоҳига бормайдиган болаларнинг катта қисми, яъни 2,7 миллионга яқини қизлардир. Буни мамлакат таълим вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Хусусан, Гельменд ва Урузган каби музофотларда 85 фоиз қизлар мактабга юборилмайди.

Қизларни эрта турмушга бериб юбориш одати мавжудлиги ҳам мазкур муаммога ечим топиш йўлидаги тўсиқлардан биридир. Бу ўз навбатида мактабларда аёл ўқитувчилар танқислигини ҳам келтириб чиқараётир.

ЮНИСЕФнинг маълум қилишича, қачонки болалар мактаб таълимидан узиб қўйилса, улар орасида ёмон муносабат ва эксплутацияга учраш хавфи ҳам ортади. Бундан олдин, Афғонистондаги 7-18 ёшдаги миллиондан зиёд ёш авлод вакиллари ишлашга мажбурлиги ҳақида маълум қилинганди. Уларнинг қарийб 15 фоизи ёши катталарнинг шафқатсиз муносабатидан азият чекади. Кўпчилиги топган пулини оиласи эҳтиёжи учун беради.

Маълумот учун, Афғонистонда ҳамон ҳукумат кучлари билан мавжуд радикал гуруҳлар, хусусан, “Толибон” ҳаракати ўртасида тўқнашувлар кузатиляпти. Бутун мамлакат бўйлаб мингга яқин мактаблар ёпилган. Яқиндан “толиб”лар томонидан ушбу давлат ғарбий қисмларига уюштирилган ҳужумлар оқибатида яна юзлаб таълим муассасалари ўз фаолиятини тўхтатди.

Бунга сабаб хавфсизликка таҳдиддан ташқари, жангарилар томонидан улар назорат қилаётган ҳудудларда мактаблар фаолиятининг мажбуран тугатилишидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019