Афғонистонда ИШИД террорчилари сони қанча?

15:13 02 Июль 2018 Дунё
1008 0

Афғонистон расмийлари айрим манбаларнинг 34 вилоятининг 9 тасида минглаб “Ислом давлати” жангарилари бор деган маълумотларни инкор этмоқда.

Ушбу давлат мудофаа вазирлиги вакили Муҳаммад Радманиш маълумотига таяниб, “Америка овози”нинг хабар беришича, Нангарҳор, Кунар, Нуристон ва Жузжон вилоятларида 2000 атрофида жангари бор, холос.

Ўтган ҳафта Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя Афғонистоннинг Марказий Осиё билан туташ вилоятларида “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи фаоллашгани ҳақида огоҳлантирган эди.

“Гуруҳ сафида 10 минггача жангари бор ва улар 34 вилоятнинг камида тўққизтасида аллақачон фаол. Мамлакат шарқида мавқеини борган сари кучайтириб бормоқда. Бу жой Марказий Осиёга таъсирларини ёйиш нуқтасига айланиб бормоқда”, - деган эди Небензя. Унинг қайд этишича, гуруҳ жангарилар, хусусан, марказий осиёликлар учун тайёргарлик лагерларини ташкил этяпти.

“Биз бу фактлардан кўз юма олмаймиз”, - дея қўшимча қилган Небензя.

Маълумот учун, ИШИД Афғонистонда, хусусан, пойтахт Кобулда ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарши худкуш бомба ҳужумларини уюштириб келади. Бу хуружларда юзлаб қурбонлар берилган. Сўнгги портлашлардан бири ўтган ҳафта сешанба куни Кунар вилоятида юз берди. Ҳужумда камида тўққизта полициячи ҳалок бўлган.

Америка ҳарбийлари эса ИШИДнинг таъсири кучаяётгани ҳақидаги юқоридаги даъвони асоссиз, деб ҳисобламоқда. АҚШ ҳарбийларига кўра, афғон махсус кучларига кўрсатилаётган ёрдам натижасида ИШИДнинг Нангарҳор, Кунар, Нуристон ва Жузжон вилоятларидаги таъсири анча камайган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар