Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш кескин кўпайган

12:14 28 Май 2018 Дунё
390 0
Фото: Русская весна

Афғонистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кунига қарийб бир тонна наркотик моддалар мусодара этилаяпти. 
Бу ҳақда Tolonews мазкур давлат ички ишлар вазирлиги маълумотига таяниб хабар берди.

Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Абдул Бахтиёрнинг айтишича, охирги икки ойда тахминан 70 тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди, юзлаб операциялар ўтказилиб, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига алоқадар бўлган 700га яқин киши ушланди, оғу ишлаб чиқарадиган бир қатор лабораториялар йўқотилди.
Ҳокимият вакилларининг айтишича, мамлакатда кўкнор экиладиган майдонлар кўпайган ва гиёҳвандлар сони ҳам ортган.

Бу ерда 2017 йил мартидан 2018 йил мартигача бўлган даврда наркотиклар билан боғлиқ 600га яқин жиноят аниқланган. Қўлга олинганлар ичида мансабдор шахслар ҳам бор. Улар турли йилларда озодликдан маҳрум этилди. Шу вақт мобайнида, жумладан, 1,8 тонна героин мусодара қилинган.
БМТ маълумотларига кўра, 2017 йилда мазкур ҳудудда кўкнор экилган майдонлар рекорд даража – 328 минг гектарга етган. Бу бир йилда 60 фоиз кўпайди деганидир. Улардан олинадиган наркотик восита қорадори эквивалентида қарийб 9 минг тоннага етиб, 2016 йилга нисбатан икки баробар ошган. БМТ маълумотига кўра, бу дунё жиноятчилик олами “эҳтиёжи”дан ҳам кўп бўлиб, ортиб қолган оғу жиноятчилик гуруҳлари омборларида сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда наркотиклар билан боғлиқ ноқонуний бизнес йилига 4-6 миллиард АҚШ долларига баҳоланади. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар