Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси декларацияси

08:35 28 Апрель 2018 Сиёсат
449 0

БМТ расмий ҳужжати сифатида тарқатилди Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари томонидан “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ҳамда Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

2018 йил 27 мартда Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги конференциянинг якуний ҳужжати БМТнинг расмий олти тилига (рус, инглиз, араб, испан, хитой ва француз тилларига) ўгирилди ҳамда ташкилотга аъзо барча давлатлар ўртасида тарқатилгани баробарида, БМТ расмий ҳужжатлари тизимига жойлаштирилди.
Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси декларациясининг мазкур мамлакатда тинчлик ва ярашувни таъминлаш зарурати, терроризм ҳамда наркотиклар айланишига қарши кураш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма савдо-транзит, транспорт, энергетика, инфратузилма ҳамда коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча банди беистисно БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжатидан жой олди.
Ҳужжатда Афғонистон раҳбарияти ҳамда ушбу мамлакат халқининг тинчлик ва ярашув жараёнини қўллаб-қувватлаш юзасидан халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларининг давоми сифатида Тошкент конференциясининг муҳим аҳамияти таъкидланган.

Бундан ташқари, Тошкент конференцияси Афғонистонда тинчлик жараёни бўйича кенг қамровли масалалар бўйича очиқ ҳамда ҳар томонлама муҳокамалар учун ноёб имкониятни тақдим қилгани, ўзаро мақбул қарорларни ишлаб чиқиш учун рағбат бергани ҳам БМТ материалида таъкидланган. Унда тинчлик, хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича кенг ҳамда мустаҳкам минтақавий ва халқаро муросани яратиш бўйича саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор этилган.
«Жаҳон» АА.
Нью-Йорк

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар