Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси юқори савияда ўтказилади

10:15 24 Март 2018 Сиёсат
833 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шу йилнинг 26-27 март кунлари “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Кеча пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида ушбу нуфузли анжуманнинг матбуот маркази очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда турли вазирликлар ҳамда идоралар масъул вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, сиёсатшунослар, экспертлар қатнашди.
Анжуманда “Ўзбекистон ҳамда Афғонистон халқлари ўртасидаги тарихий, маданий ва цивилизациявий яқинлик”, “Ўзбек — афғон муносабатлари: ривожланишнинг янги босқичи”, “Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро ташаббуслар” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Қайд этилганидек, Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакати билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик тарафдоридир.
Халқимизнинг “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган ибораси ҳам Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатмай, у ердаги низоларни ҳал қилмасдан Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган умумий мақсадларга эришиш мушкул эканлигини тасдиқлаб турибди.

Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ илгари сурган амалий ташаббуслар ўзбек — афғон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратаётир. Хусусан, Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, орадан бир ой ўтиб, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳамда 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлиги, Афғонистондаги тинчликка фақатгина музокаралар йўли билан эришиш мумкинлигини таъкидлаб ўтган эди. Президентимизнинг қатъий фикрига кўра, донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир.

Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги муносабатлар икки мамлакат халқларининг фаровонлигини оширишга, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, кўп томонлама сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ва Афғонистоннинг конструктив ҳамда дўстона муносабатлар ўрнатиш борасидаги жиддий интилишлари 2017 йилда томонлар ҳамкорлиги учун мисли кўрилмаган даражадаги истиқбол эшикларини очди, дейиш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги конференция халқаро доираларда катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу конференция нафақат минтақамиз, балки бошқа ҳудудларга ҳам таъсир ўтказаётган Афғонистон масаласига бағишланган. Унда 20 дан ортиқ давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар делегациялари иштирок этади.

Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф ўани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Тошкентга келади.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф ҳам конференцияда қатнашишини расман билдирган.
Шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар делегациялари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
— Мамлакатларимиз тарихида бир-бирига боғлиқ жиҳатлар кўп, — дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, тарих фанлари доктори Шерзод Абдуллаев. — Масалан, биргина маънавий йўналишдаги ришталар ҳақида сўз юритсак, ҳазрат Алишер Навоий ва яна бир қанча улуғларимизнинг мангу қўним топган масканлари ҳам афғон заминида жойлашган. Тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Афғонистон минтақанинг ажралмас қисми ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар янги босқичда ривож топаяпти. Бўлажак халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда уни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиши шубҳасиз.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В. Норов Афғонистондаги қарийб 40 йиллик можарони таҳлил қилди. Бунда 1979 йилда Афғонистон ҳудудига совет контингентини жойлаштиришдан то БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йил 20 декабрдаги қарорига мувофиқ, халқаро коалициянинг Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлашигача, шунингдек, “Ислом давлати” деб аталувчи террористик гуруҳ таъсири ёйилишигача тўхталди.

В. Норовнинг таъкидлашича, Афғонистон Ислом Республикасидаги беқарорлик Марказий Осиёда терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ҳамда ноқонуний қурол савдоси каби хавфли манбалар пайдо бўлишига олиб келди. Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ ҳамда Россия иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Афғонистоннинг “Қўшнилари ва дўстлари” номли “6+2” мулоқот ва келишув гуруҳи тузилди. 1998 йил 21 сентябрь куни Нью-Йоркда “6+2” форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашуви уюштирилиб, унда Афғонистон масаласида ўзаро англашув жиҳатлари қабул қилинди. 1999 йил 19-20 июль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида Афғонистон бўйича “6+2” гуруҳининг Тошкент олий даражадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги Тошкент декларациясини имзоладилар. Мазкур декларация ҳали-ҳамон ушбу мамлакатнинг барча ички сиёсий кучлари томонидан қабул қилинган ҳамда БМТ томонидан тасдиқланган ягона расмий ҳужжатдир.

Анжуманда Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи О. Акбаров халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини тобора кўпроқ англаётганига тўхталди. Шу муносабат билан афғон мамлакатида тинчлик ва хавфсизликни тиклашнинг асосий масалалари бўйича кенг халқаро консенсусни тасдиқлаш масаласи янгиланмоқда. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббуси кенг миқёсда қўллаб-қувватланди.

Матбуот маркази раҳбари — конференция матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаевнинг маълум қилишича, нуфузли анжуманни ёритишга қизиқиш ортиб бораётганлиги сабабли қисқа муддатда матбуот маркази ташкил этилди. Бу ерда маҳаллий ва хорижий журналистларнинг самарали фаолияти учун барча шароит мавжуд. Хусусан, марказ замонавий коммуникация воситалари, офис жиҳозлари, тезкор интернет, Wi-Fi билан таъминланиб, бинода овқатланиш учун қулайликлар яратилди. Журналистларнинг турли қитъалардаги мамлакатлардан ташриф буюргани инобатга олинган ҳолда, матбуот маркази 24 соат ишлайди.

Конференция ишини ёритиш учун 300 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтди. Улар орасида Америка Қўшма Штатларининг “The New York Times” газетаси, Хитой Халқ Республикасининг “Жэньминь Жибао” нашри, Буюк Британиянинг “BBC” компанияси, Япониянинг “NHK” корпорацияси, Россиянинг “Независимая газета” каби нуфузли оммавий ахборот воситалари бор.

Матбуот анжуманида экспертлар қайд этганидек, Ўзбекистон биргина конференция ўтказиш билан чекланиб қолмай, бундан кейин ҳам Афғонистонда тинчлик жараёнини фаол қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттиради.

Қобил ХИДИРОВ,
Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар