Афғонистон бўйича конференция очилишида Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари сўзга чиқади 

20:20 05 Март 2018 Сиёсат
522 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшнилик муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади.

Ўзбекистон раҳбари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир стратегик қарашларини 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилди. Сўнг ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги конференцияда давлатимиз раҳбари Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқларидаги дастурий низомлар, унинг Марказий Осиё ва Афғонистондаги жорий вазият, ривожланиш истиқболларига берган баҳоси халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Евроосиёнинг «юраги»да жойлашган Марказий Осиё Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприкдир». Минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Марказий Осиёда жаҳоннинг қудратли давлатларининг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда. 
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти адолатли саволларни ўртага ташлади: минтақада вазият қандай ривожланади? Бу ерда қандай сценарий устун келади — низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?

Бу саволга жавоб равшан — энг аввало, барчаси Марказий Осиё давлатлари минтақанинг умумий келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга нечоғли тайёрлигига боғлиқ.
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшнилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек: «бизнинг бош мақсадимиз — умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат».

Айни пайтда энг долзарб ва ўткир муаммолардан бири — қўшни Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб олдимизда турган мақсадларга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан минтақамизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш — Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва тараққиёти кафолатидир. Самарқанддаги халқаро анжуманда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Президенти хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «ялпи хавфсизлик» тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигига тўғридан-тўғри даъват қилди.

Тинч Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўлини таъминлаши, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғлаши мумкин.

Шу муносабат билан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишнинг асосий масалалари бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсусни тасдиқлаш, мамлакатда миллий ярашув бўйича афғонистонликлар раҳбарлигида ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон доимо Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишнинг қатъий тарафдори ҳисобланган ва шундай бўлиб қолади. Мамлакатимиз қўшни давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу жиҳатдан Шавкат Мирзиёев томонидан Афғонистон билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусининг илгари сурилиши Ўзбекистон раҳбариятининг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий стратегиясининг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Мамлакатимиз афғон муаммосига бағишланган деярли барча халқаро форумларда фаол иштирок этмоқда. «Кобул жараёни», «Москва формати», «Осиё юраги — Истанбул жараёни» форуми, Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳи, «ШҲТ — Афғонистон» алоқа гуруҳи, Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси шулар жумласидандир.

19 январь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши давомида Ўзбекистон ва Афғонистон томонидан Тошкент форумининг қўшма тақдимоти ташкил этилди.
Тошкентдаги конференция 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида ўтган «Кобул жараёни»нинг иккинчи йиғилишидан сўнг бўлади ва халқаро ҳамжамият томонидан ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлади.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўани сўзга чиқадилар.
Тошкент учрашувида иштирок этиш учун БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва ташкилотнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари таклиф этилган.

Форум иштирокчилари минтақавий ва глобал даражада тез орада Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш зарурияти хусусида умумий нуқтаи назар баён этилиши кутилмоқда.
Конференция якуни бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, унда қуйидаги муҳим жиҳатлар ўз аксини топиши кўзда тутилмоқда:

биринчидан, тинчлик жараёни афғонистонликларнинг бевосита раҳбарлиги ва уларнинг саъй-ҳаракатлари билан БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва қарорлари низомларига мувофиқ амалга ошиши керак;

иккинчидан, қуролли мухолифат Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига кафолатли интеграция қилиниши ва қонуний сиёсий куч сифатида эътироф этилиши тинчлик жараёнининг муҳим омили ҳисобланади;

учинчидан, халқаро ҳамжамият терроризмнинг ҳар қандай шакл ва кўринишига қарши бўлиб, трансмиллий терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчилик таҳдидлари нафақат Афғонистон, балки умуман бутун минтақа ва жаҳоннинг барқарорлиги ва изчил тараққиётига умумий хавф саналишини эътироф этади.

Тошкент конференцияси арафасида, шунингдек, ҳамкорликнинг янги шаклидаги «Марказий Осиё + Афғонистон» (C5+1) биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Ушбу формат Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ва инфратузилма алоқалари тизимига муваффақиятли интеграцияси, умумминтақавий миқёсдаги аниқ лойиҳа ва дастурларнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Тошкент конференцияси ҳақидаги ташаббусни илгари сурар экан, Ўзбекистон уни бир марталик тадбир сифатида ўтказиш билан чекланиб қолмай, ундан кейин ҳам икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий стратегиясини амалга ошириш асносида Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ечиш бўйича сиёсий жараённинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Бу жараёнда асосий роль ва жавобгарлик ўз мамлакати келажагини белгилаши ва қуриши керак бўлган афғонистонликларнинг зиммасида эканини яна бир бор таъкидлаш жоиз.

Тошкент конференцияси олдида турган юксак мақсадлар, шунингдек, унинг ишида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча доимий аъзолари, ШҲТга аъзо давлатлар ва Афғонистонга қўшни мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг бешта мамлакати иштирок этиши бутун дунёда форум ишига катта қизиқиш уйғотмоқда. Тадбирни ёритишда қатнашиш учун жаҳон оммавий ахборот воситалари вакилларининг катта гуруҳи ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтидаги халқаро учрашув якунлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, унинг изчил ривожланиши учун шароит яратиш йўлидаги муҳим босқич бўлиб, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва уни минтақа ва умуман бутун дунёдаги бунёдкорлик жараёнига жалб этишга хизмат қилишига умид қиламиз. Тошкент форумининг муваффақияти минтақа давлатларининг тинчлик ва тараққиёт учун кенг имкониятлар эшигини очган ҳолда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ҳал этишга қодирлигини намоён қилиши даркор.
 

Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазирлиги
Матбуот хизмати.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар