Афғон уруши фахрийси Сенатга нега ташаккурнома йўллади?

19:54 18 Август 2020 Сиёсат
425 0

Олий Мажлис Сенатининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига парламент юқори палатаси аъзолари аралашуви туфайли муаммолари ечим топган кўплаб инсонлардан ташаккурномалар келишда давом этмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти Янгиобод тумани Юқори Сармич қишлоғида яшовчи Камол Қўзиев 26 май куни Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилган эди.

54 ёшли фуқаро 1984-1986 йилларда ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган эди. Намунали хизмати учун жасур аскар бир нечта медаллар билан ҳам мукофотланган. Яраланганига қарамай, маълум сабабларга кўра ногиронлик гуруҳига чиқмаган. Ваҳолонки, афғон уруши фахрийлари ҳамда улар оила аъзоларига қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар бор. Уй-жой ва коммунал хизмат тўловларига компенсация, бепул дори-дармонлар олиш, айрим солиқлардан озод этиш шулар жумласидан. Бироқ, собиқ аскарга Зомин тумани мудофаа ишлари бўлими томонидан имтиёзлар тўғрисида гувоҳнома берилмаган. Ваҳоланки, афғон уруши фахрийлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган. Фуқаронинг Сенатга мурожаатидан сўнг унинг масаласи тегишли идораларда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Шу туфайли Камол Қўзиев Олий Мажлис Сенатига ёзма ташаккурнома йўллади.

Муаммоси ҳал бўлган яна бир фуқародан ташаккурнома Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасига йўлланган. Россия Федерациясида вақтинчалик бўлиб турган фуқаро карантин чекловлари туфайли Ватандан олисда қолиб кетган эди. Унинг Сенатга йўллаган мурожаати зудлик билан назоратга олинди ва Беҳзод Имамов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг чартер рейси билан Ўзбекистонга қайтарилди.

Сенатнинг мурожаатлар билан ишлашига оид бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Муҳими — мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар туфайли давлат ҳокимияти органлари ўртасида бу йўналишдаги ҳамкорлик такомиллашиб, мана шу каби ечимини топган муаммолар тимсолида ўз самарасини бермоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?