А.Эгер: “Ўзбекистонда 2018 йил биринчи ярмида экспорт ва импорт прогноз кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди”

13:08 30 Июль 2018 Иқтисодиёт
246 0
Фото: Молия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида Бош вазир ўринбосари, Молия вазири - Жамшид Қўчқоров ва шу йил 17 июлда юртимизга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармасининг А.Эгер бошчилигидаги вакиллари ўртасида якуний учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратишди.

А.Эгер валюта бозори ва савдонинг эркинлаштирилиши ҳамда чегараларнинг очилиши Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярмида экспорт ва импорт прогноз кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга хизмат қилганини таъкидлади.

Ўз навбатида қайд этилганидек, 2017 йил биринчи ярми билан таққосланганда 2018 йил январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бўйича инфляция даражаси 6¼ фоизгача секинлашган. ИНИ бўйича инфляция йиллик ҳисоблаш доирасида январь ойидан бошлаб максимал 20½ фоиз даражасидан аста-секинлик билан июнь ойига қадар 18½ фоизгача камайган.

Солиқ ислоҳоти ҳукуматнинг энг муҳим иқтисодий лойиҳаси ҳисобланиб, у, аввало, янада юқори сифатли иш ўринларини яратиш учун зарур бўлиши алоҳида эътироф этилди.

А.Эгер тасдиқланган ислоҳотлар оқилона солиқ тизими йўлидаги жуда муҳим ва қатъий қадам бўлишини ишонч билан айтди. Зеро, шу асосда солиқ тизимининг солиқ базаси кенгайтирилади, солиқ ставкалари пасайтирилади. Бинобарин, тизим самарадорлиги ортади. Айни чоғда Ўзбекистонда иш ўринларини ташкил этиш учун мавжуд эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда хусусий секторда бандликни легаллаштириш ва ойлик маошлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этилишига ўзига хос рағбат яратилади.

Шу билан бир қаторда томонлар янги, солиқ тўловчилар учун тушунарли бўлган Солиқ кодексини ишлаб чиқиш олдинда турган жиддий вазифа эканига урғу беришди. Бу борада келгуси бир неча ой ичида кенг жамоатчилик орасида очиқ муҳокама ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Қолаверса, 2019 йил учун бюджет ишлаб чиқиш жараёнида ҳукумат биринчи марта 2019-2021 йиллар учун уч йиллик бюджет параметрларини тақдим этади.

Умуман олганда, ХВЖ миссияси макроиқтисодий кўрсаткичлар ва ҳукумат томонидан 2019-2021 йиллар учун ишлаб чиқилган параметрлар мамлакатда барқарорликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган солиқ-бюджет сиёсати вазифаларига тўла мос келади деб ҳисоблайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар