“Адолатнинг эшиги қаерда?” дейди термизлик фуқаро Халил ота Эшқувватов

20:06 27 Февраль 2019 Жамият
665 0

Иллюстратив фото

Инсон ҳамма нарсага — ҳаётнинг пасту баландликлари, қийинчилик ва машаққатларига, ҳаттоки, катта-кичик йўқотишларга ҳам чидаши, кўникиши мумкин. Аммо ноҳақлик, адолатсизликка дуч келса, изтироб ва руҳий азоблар исканжасига дош бериши мушкул. 81 ёшни қаршилаган Халил ота Эшқувватовнинг юрагини ўртаб, фиғонини ошираётган ҳам айнан шу — адолатсизликдир.

Мана, икки йилдирки, отахон нажот излаб бормаган эшиги, мурожаат йўлламаган жойи қолмади, ҳисоб. Жумладан, Олий Мажлис Сенати, Бош прокуратура, Олий суд, Халқ қабулхонаси каби турли идораларга йўллаган мурожаати ҳуқуқий баҳоланиб, якуний хулосаланмаганидан афсусда...

— Мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир чиқишини мунтазам кузатиб бораман, — дейди биз билан суҳбатда Халил ота. — Ҳар бир сўзида адолат ва ҳақиқатни улуғлаши, барча даражадаги раҳбарларни одамлар дардини тинглаш, оғирини енгил қилишга даъват қилиши боис менинг Президентга, унинг халқчил сиёсатига бўлган ишончим минг чандон ошган. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, тизимни коррупциядан тозалашга қаратилган саъй-ҳаракатлардан қувонмасликнинг сира иложи йўқ. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлигини англаб, масалага адолатли ёндашиш инсонийликнинг олий намунасидир. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлайман. Шу туфайли ҳақиқатга интилиб яшаяпман. Шундай экан, бир куни албатта арзим тингланиб, дардимга малҳам қўйилди, деган умиддаман.

Таҳририятга йўлланган мурожаатда баён этилишича, 2017 йилнинг 12 май санасида Халил Эшқувватовнинг 1959 йилда туғилган ўғли Хошбоқов Тоғаймурод Термиз шаҳар 5-кичик даҳасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида танасининг қўл, оёқ қисми қаттиқ жароҳатланиб, бош мия чаноғи ёрилгани туфайли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиалига ётқизилади. Бу ерда 11 кун давомида даволанади. Авариядан кейин оғир ёпиқ бош мия асорати билан 8 ой мунтазам даволаган бемор Хошбоқов Тоғаймурод 2018 йилнинг 11 январь куни ўз уйида вафот этади. Аммо...

Аммо ҳамма гап шундаки, Сурхондарё вилояти Суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан 2018 йил 25 январда берилган эксперт хулосасида 1959 йилда туғилган, Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, 15/32-уйда яшовчи марҳум Хошбоқов Тоғаймурод юрак-ишемик касаллиги ва гипертония туфайли вафот этганлиги кўрсатилган.

Мазкур экспертиза хулосасида шундай жумлалар ёзиб қўйиб қўйилган: “ЙТҲ содир бўлгандан токи марҳум Хошбоқов Тоғаймурод ўлимигача орадан 8 ой муддат ўтган бўлиб, 12.05.2017 йил кунида содир бўлган ЙТҲ ушбу ўлимга тўғридан-тўғри сабабчи бўлмаган”.

Ана холос... Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгунга қадар соғлиғидан асло шикоят қилмаган Хошбоқов Тоғаймурод авария оқибатида олган жароҳати туфайли вилоят ҳамда республика шифохоналарида мунтазам даволанган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам мавжуд. 2017 йил 16 сентябрда Тиббий-назорат комиссияси томонидан берилган маълумотномада Хошбоқов Тоғаймуродга бош мия жароҳати — гипертензион астено-невротик синдроми ташхиси қўйилиб, бемор оғир жисмоний меҳнатдан озод этилган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2017 йил 26 майдаги қарорига кўра, 1997 йил 10 майда Бойсун туманида туғилган Қодиров Эргаш Чори ўғли, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта махсус, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган, бўйдоқ, ишсиз, Бойсун тумани Қизилнавр маҳалласида яшайди, МЖтКнинг 133-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида — 449 325 сўм жарима жазоси тайинланган.

Суд қарорида ёзилишича, 2017 йил 12 май куни соат тахминан 15:40 ларда фуқаро Э. Қодиров тоғаси И. Ҳожиевга тегишли бўлган “Кобальт” русумли, давлат рақами 75 Q 828 DA бўлган автомашинани бошқариб, ушбу автомашина билан Термиз шаҳри, 5-кичик даҳа ҳудудида йўловчи Т. Хошбоқовни туртиб юборган ва унга нисбатан “Соғлиғи бузилишига сабаб бўлган енгил” тан жароҳати етказган (агар Хошбоқовнинг ўрнида сиз бўлганингизда, тан жароҳатининг қанчалик енгил ёки оғир эканини аниқ билардингиз — таъкид бизники).

Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судига берилган протестда кўрсатилишича, “....мазкур маъмурий ишни судда кўриб чиқиш вақтида суриштирув органи томонидан фуқаро Э. Қодировнинг содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг моҳияти, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат, яъни содир этилган ҳаракатни ЎзР МЖтКнинг тегишли модда ва қисми билан малакалашда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлигига баҳо берилмаган.

Ҳуқуқбузар Э. Қодировнинг юқоридаги ҳаракатларида ЎзР МЖтКнинг 133-моддаси, 135-моддаси 1-қисми ва 135-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса-да, суриштирув ҳаракатлари натижасига кўра, 2017 йил 16 майда расмийлаштирилган 75-462113-сонли маъмурий баённомада ҳуқуқбузар Э. Қодировнинг ҳаракати фақатгина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси билан малакаланиб, тегишли муносабат билдирилмаган ҳолда қарор қабул қилинган.

...ушбу маъмурий иш бўйича жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2017 йил 26 майдаги қарори бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўшимча суриштирувга юборилиши лозим”.

Прокуратура протестида баён этилган мазкур талаблар суд маҳкамалари томонидан ҳамон жавобсиз қолдирилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, нима учундир 2017 йил 12 майда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича орадан 4 кун ўтиб, яъни 2017 йил 16 майда маъмурий баённома тузилган. Хўш, буни энди қандай изоҳлаш мумкин?

Қолаверса, ушбу маъмурий баённомада кўплаб ноаниқликлар қатори марҳум Хошбоқов Тоғаймуродга тегишли янги велосипед пачоқланиб, яроқсиз бўлиб қолгани ҳам кўрсатилмаган.

Марҳумнинг отаси ва қонуний ишончли вакили Халил Эшқувватовнинг даъво қилишича, ўғлининг вафотига айнан ўша йўл-транспорт ҳодисаси туфайли олинган тан жароҳати сабаб бўлган. Мазкур ҳолат бўйича шахснинг айбдорлик масаласини муҳокама қилишда фақатгина тақдим этилган ҳужжатлар билан чегараланмасдан, заруратга қараб қўшимча далиллар талаб қилиш, ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган мансабдор шахс, жабрланувчи ва гувоҳни чақириш, экспертиза тайинлаш, ашёвий далилларни кўздан кечириш ҳамда бошқа ҳаракатлар амалга оширилмаган. Шунингдек, жабрланувчи Халил Эшқувватов ҳуқуқбузар Э. Қодировга берилган ишончноманинг ҳақиқийлиги ҳамда унинг суғурта полисида фойдаланувчилар рўйхатига киритилганлиги, ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-йўқлигини ўрганиш лозимлиги ҳамда Суд-медэкспертиза хулосасидаги ноаниқликка барҳам бериш каби бир қатор эътирозларни келтириб, буларнинг барчасини ҳуқуқий баҳолашни талаб қилган.

Халил Эшқувватов марҳум ўғлига етказилган 16 миллион сўмликдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ҳанузгача ундириб берилмаётганидан, авария ва унинг оқибатларини ўрганишда адолатсизликка йўл қўйилаётганидан норизо эканлигини бот-бот такрорлайди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, бу ҳолатни малакали ҳуқуқий баҳолаш учун суд идораларига нима монелик қилаётир?! Ҳар ҳолда, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли бир инсон бу ёруғ оламни тарк этди, табиийки, марҳумнинг яқинлари ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний жазо тайинланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Шундай экан, Сурхондарё вилояти прокуратураси, жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан мазкур масала бўйича адолатли тўхтамга келиниши нафақат қонуний талаб, балки масъул мутасаддиларнинг ўз виждонлари ва касблари олдидаги муқаддас бурчи ҳамдир. Шуни унутмасалар, бас...

Илҳом Раҳматов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019