Адолатли тизими яратилмас экан, ёндашув янгилиги "темир дафтар"да догмалигича қолиб кетаверади

13:59 13 Август 2020 Сиёсат
281 0

Маълумки, асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий-ахлоқий урф-одатлари ва қоидалари, жамоатчилик фикри ҳамда ўзига хос дунёқараши маҳаллада шаклланиб келган. Ёш авлод тарбияси, оила юритиш санъати, қўшничилик хислатлари мана шу маданият, одатлар ва анъаналар асосида олиб борилган. Бинобарин, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари доимий равишда қўллаб-қувватланиб, эзгу қадриятларимиз сайқалланиб, жамият ривожига салмоқли ҳиссасини қўшиб келган. Хусусан, Конституциямизнинг 105-моддасида унинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилганлиги натижасида тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳамда ташкилий пойдевор яратилди.

Маҳалла тўғрисидаги маълумотлар Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Фаробий, Маҳмуд Қошғарий ва бошқа мутафаккирларнинг асарларида кўплаб учрайди. Масалан, Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри», Берунийнинг «Уй хўжалигини юритиш тўғрисида», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғати турк» асарларида маҳалла аҳолиси, уларнинг касби-кори, урф-одатлари, анъаналари, диний эътиқоди, хўжалик юритиши ва умуман ўзига хос турмуш тарзи ҳақида батафсил маълумотлар келтирганлар.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё минтақасида қадимдан инсонлар бир жамоа бўлиб ҳаёт кечирганлар. Шунинг учун ҳам ҳар қандай шароитда жамоа аъзолари бир-бирига қаттиқ ишонишган ва суянишган. Айниқса, табиий офатлар, очарчилик даврларида инсонлар бир-бирига ёрдам бериб келишган. Натижада, жамоавий онг, хулқ, ахлоқ, тарбия ва бошқа нормалар шаклланган. Мазкур нормалар асосида муайян халқнинг менталитети вужудга келиши ва ривожланиши юз берган. Турли минтақа ёки ҳудудда яшовчи туб аҳолининг ўзига хос дунёқараши, урф-одатлари, анъаналари, ахлоқий нормаларининг бир-биридан ажралиб туришига худди шундай омилар сабаб бўлган. Маҳалла тирик организм сингари яшаш учун курашиб келган. Маҳалла аҳли ҳар доим оғир шарт-шароитларга мослашган. Лекин, қайси халқнинг турмуш тарзини ўрганманг, инсонларнинг ўзаро бир бири билан боғлаб турувчи ришта бу – ишончдир.

Айнан мана шу ишончни янада мустаҳкамлаш, аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2020 йил 18 февраль куни «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Фармон билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.

Шу билан бирга, юқорида келтирилган Фармон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланиб, унда Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Ҳукуматнинг қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Институтнинг асосий вазифалари этиб, фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш; ижтимоий ёрдамнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш каби масалалар белгиланган эди.

Албатта, юқорида қайд этилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи фаолиятига маҳалла мутасаддилари ва фуқароларнинг муносабатини тубдан ўзгартириш, маҳаллани ишончли, ҳаракатчан ижтимоий тузилмага айлантиришдан иборатдир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июль куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир» Фармони ҳам айнан юқорида билдирилган фикрлар мажмуасидир.

Фармонга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 трлн. сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 млн. 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 млн. 700 минг нафар пенционер ва жорий йил якунига қадар 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган. Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сонини икки баробарга кўпайтириб, жорий йил якунига қадар 1,2 миллионга етказиш кўзда тутилган.

Гап нафақат катта-катта маблағлар, балки оғир шароитда қолган тақдирлар ҳақида кетаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин амалиётда ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида айрим ҳудудларда юзага келган ҳаққоний норозиликлар, «темир дафтар»га ҳақиқатда камбағал ва кўмакка муҳтож оилалар четда қолиб, етарлича даромадга эга бўлганлар, маҳаллар йиғини раисларининг қариндошлари, яқинлари киритилгани, тизим ишламаётганлигини, малакали диёнатли кадрлар етишмаслигини, илмий изланишлар, ижтимоий ёрдамнинг илмий-методологик асослари шакллантирилмаганлигини билдиради. Бинобарин, ҳаромдан ҳазар қилиш, бировнинг молига хиёнат қилмаслик, инсоф, диёнат ўзбек жамиятида ҳар қандай расмий қонундан кучли таъсирга эга бўлган қадриятлар ҳисобланади.

Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизим фаолиятини танқидий кўриб чиқиши керак. Энг асосийси, мазкур фаолиятда адолат ўрнатадиган, ишончли мезонларни белгилайдиган, ваколатларни, масъулиятни, жавобгарликни мустаҳкамлайдиган янги қонун тезроқ қабул қилиниши бугунги кун талабидир.

Негаки, муҳтож кишиларга ёрдам беришнинг ижтимоий жиҳатдан адолатли тизими яратилмас экан, ижтимоий ёрдамнинг таъсирчан тизими ташкил этилмас экан, ижтимоий кўмаклашувнинг янги тизими илмий асосланмас экан, ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва қайд этиш воситасида ёндашув янгилиги «темир дафтар»да догмалигича қолиб кетаверади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, маҳалла тизими вакилларида ўз мажбуриятига нисбатан холислик бўлмас экан, Президентимизнинг маҳалла тизими обрўсини кўтариш, халққа янада яқинлаштириш бўйича амалга ошираётган барча саъй-ҳаракатлари натижа бермайди. Бу эса, ўз навбатида, давлатнинг сиёсатига, ислоҳотлар жадаллашувига, ижобий натижадорликка путур етказади. Ишонч йўқолади.

Фикримча, янги қонунга эҳтиёж ҳам айнан мана шу ишончни қайтаришда. Қонун ҳаётий, мақсадли, ишлайдиган бўлиши керак. Шундагина, эскича иш услубдан воз кечилади, маҳалла идоралари ходимларининг дунёқараши ўзгаради, уларда аҳоли билан ишлаш, конструктив мулоқот қилиш кўникмалари пайдо бўлади, даромадсиз қолган эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларнинг маҳаллада шакллантириладиган замонавий ахборот технологиялари жалб этилган ҳар қандай рўйхати очиқ ва шаффоф бўлади. «Куртак ёзаётган» коррупциянинг олди олинади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир”.

Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?