«Адолатли қайнона» танлови ғолиблари аниқланди

18:07 15 Август 2018 Жамият
382 0

Бугун пойтахтимизда “Адолат” СДП томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик танловининг ғолиблари аниқланди. Ўзининг ибратли ва тинч оиласи билан маҳалласи, шаҳар туманида ибрат ва намуна кўрсата олган 14 нафар вилоят босқичлари ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.

— Ажралишлар бугунги кунда жамиятимизнинг энг оғриқли дардларидан бири, — дейди танлов иштирокчиси, Бухоро вилояти вакили Норбиби Мардонова. — Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, 2018 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда 16 минг 449 та оилада ажралишлар кузатилган. Уларнинг 11 мингдан ортиғида камида бир нафар ёки ундан ортиқ фарзандлари бор. Энди тасаввур қилинг, бу болалар катта бўлганда оиланинг муқаддаслигига қандай ишонади? Ўзи тўлиқ оилада камол топмаганидан кейин ўксинади, оиланинг инсон ҳаётидаги ўрнини, аҳамиятини билмайди. Уни қадрлаш кераклигини, масъулиятини ҳис қилмайди. Афсуски, улар бизга бегона одамлар эмас. Кинингдир қизи, кимнингдир ўғли, яқини, қариндоши, хуллас, ажралишлар муаммоси ҳеч кимга бегона эмас. Яна бир афсус, бу жараёнда айнан қайнона келин муносабатлари асосий ўрин тутади. Танловимиз орқали кимгадир ибрат бўлсин деган умидда ҳаётий мисолларни, жанжалли ҳолатларни саҳналаштирдик. Уларнинг ечимини кўрсатиб беришга интилдик. Бу орқали айнан қайноналар орқали оилаларга кириб бориш, таъсир кўрсатишни мақсад қилдик. Жамиятимизда адолатли қайноналар қанчалик кўпайса, оилаларда тинчлик, аҳиллик янада мустаҳкамланади. Мен бунга ишонаман. 

Танловнинг қуйи босқичларида 7 мингдан ортиқ қайнонанинг маҳорати ва оилавий тажрибаси синовдан ўтказилди. Ғолибларга партия Сиёсий Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар