Адлия вазирлиги ҳузуридаги мультимедиа маркази фойдаланишга топширилди

17:05 01 Февраль 2019 Жамият
569 0

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

2019 йилнинг 1 февраль куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги энг янги IТ-технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Мультимедиа марказида ижод қилиш учун барча шароитлар яратилган. Махсус декорацияли ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бир нечта студия фаолият юритади. Бу ерда ток-шоу ва турли форматдаги дастурларни суратга олиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш, жумладан юзма-юз интерактив учрашувлар, брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиш учун махсус медиа майдончалар яратилган. Марказни техник жиҳатдан жиҳозлаш — LED-экранлар, камералар, ёритгичлар, кўп функцияли овоз ёзиш тизими ва бошқа аппаратура жамоага энг дадил медиа лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан ҳужжатли фильмларни суратга олиш имконини беради.

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ўз олдига қандай вазифаларни қўймоқда?

Биринчидан, ҳуқуқий маърифат. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси давлат ва жамиятнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беради. Дунё амалиёти аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳуқуқий нормаларга риоя этмаганлик учун қатъий жазо қўллашдан кўра самаралироқ эканлигини кўрсатмоқда. Мультимедиа маркази қонун ҳужжатларининг мазмуни ва моҳиятини оддий ва халқчил тилда, мураккаб юридик атамалардан фойдаланмаган ҳолда тушунтиришга эътибор қаратиб, бу жараёнда визуал эффектлар ва инфографидан фойдаланмоқда.

Иккинчидан, ишончли маълумот тақдим этиш. Сўнгги йилларда интернет янгиликларни тарқатувчи энг оммабоп манба ҳисобланади. Бироқ ҳар доим ҳам Интернетдан олинган маълумотларга ишонса бўладими? Адлия вазирлиги ҳузуридаги мультимедиа маркази бундай вазиятларда ОАВ ва Интернет орқали тарқалаётган ёлғон, нотўғри маълумотларга тезкорлик ва холис муносабат билдиришга ўз эътиборини қаратади. Ахборот оқимини таҳлил қилиш маълумотларни текшириш, ишончли ва объектив ахборот, ушбу масалалар бўйича ваколатли мутахассис ва экспертлар шарҳларини тақдим этиш ҳамда аҳоли ўртасида уйдирма гаплар ва миш-мишларнинг олдини олиш имконини беради.

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

Учинчидан, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик учун адлия органлари ва муассасалари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш. Бу жараёнда нафақат адлия органлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини очиб берувчи, балки жамоатчиликка давлат хизматларидан фойдаланиш тартибига доир консультатив ёрдам кўрсатишга қаратилган ахборот-таҳлилий ва шарҳларга асосланган медиа материаллар тайёрланиб, эфир ва ижтимоий тармоқларга узатилади. Бунда асосий эътибор кўргазмалилик, оддийлик, қабул қилинаётган маъмурий регламентлар талабларининг халқчиллиги ва содда тилда тушунтирилишига қаратилмоқда.

Аҳолини давлат органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ва тизимли камчиликлар ҳақида тайёрланадиган аудио- ва видеороликлар, теле- ва радиоэшиттиришлар хабардор этишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Айбдор шахсларга нисбатан қўлланган чоралар ва аризачиларнинг тикланган ҳуқуқлари ҳақидаги медиа материаллар катта профилактик таъсирга эга бўлиб, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

Тўртинчидан, аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот ўрнатиш. Бунинг учун мультимедиа маркази мутахассислари вазирликнинг масъул ходимлари билан биргаликда республикамиз аҳолисининг эҳтиёжи, жумладан вазирликнинг 1008 рақамли “ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили натижалари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловалар имкониятларидан фойдаланган ҳолда энг долзарб муаммолар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганмоқда. Масалан, коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва билимини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг долзарблигидан хабардор этишга қаратилган30 дан ортиқ ижтимоий ролик, Жиззах, Фарғона, Наманган, Сирдарё каби вилоятлардан Адлия вазирлигига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида келиб тушган мурожаатлари асосида 40 дан ошиқ махсус репортаж ва кўрсатувлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган янгиликларни аҳоли ва ижрочиларга етказишга қаратилган “Муҳокама марказида” ток-шоусининг туркум сонлари тайёрланди. Асосийси – муаммоли масалалар адлия органлари аралашувидан сўнг барҳам топди.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019