Адлия вазирлиги ҳузурида нотариат соҳасида Экспертлик комиссияси ташкил қилинди

23:08 22 Январь 2019 Жамият
408 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимиз нотариат соҳасидаги мавжуд муаммолар ҳеч кимга сир эмас. Буни нафақат нотариусга иши тушганлар, балки иши тушмаганлар ҳам кунда-кунора ижтимоий тармоқлар, ОАВнинг расмий сайтларида ёзилаётган мақолалару норозилик кайфиятидаги постлар орқали яхши билишади. Хуллас, “алвон гап” билан айтганда, соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилиши зарурлигини замоннинг ўзи кўрсатаётган эди.

Адлия вазирлиги ана шу муаммоларга ечим топиш мақсадида вазирлик ҳузурида нотариат соҳасида Экспертлик комиссиясини ташкил қилибди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган хабарномада маълум қилинган. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, нотариал ҳаракатларни бажаришдаги амалиётдаги муаммолар, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг ушбу тизимга бўлган ишончини пасайтирмоқда.

Шунга кўра, амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва нотариат тизимини замон талабларига мос келадиган соҳага айлантириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузурида нотариат соҳасида ягона амалиётни шакллантириш бўйича Экспертлик комиссияси ташкил қилинди.

Экспертлик комиссияси таркиби жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи 7 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассис-олимлар, тажрибали нотариуслар ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари киритилди.

Комиссияга нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни қонуний ҳал қилиш, соҳада бир хил амалиётни таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга, фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишга, уларни турли хил овора-сарсон қилишга шарт-шароит яратувчи қоидалар ҳамда нормаларни бартараф этиш юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, комиссияга нотариал ҳаракатларни бажариш учун тақдим қилинадиган ҳужжат турларини тубдан қисқартириш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида нотариал ҳаракатларни бажариш учун зарур бўлган барча ҳужжатни электрон тизим орқали олиш ҳамда қонунчиликда нотариал тасдиқлаш мажбурий талаб этиладиган битим ва ҳужжатларнинг турларини қисқартиришнинг қонуний йўлларини излаб топиш вазифалари топширилди.

Экспертлик комиссиясининг ташкил қилиниши келгусида нотариат соҳасида амалиётдаги муаммоларни қонуний ҳал қилиш, бир хилликни таъминлаш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади”.

Яхши хабар. Ишонамизки, айтилган гаплар қоғозда қолиб кетмайди. Тизим чинакамига ўзгаради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019