"Адиб ва жамият" йўналишида бир неча китоблар нашр қилинди

15:41 15 Февраль 2019 Маданият
470 0

Иллюстратив фото

Бугунги кунда хайрли ишларни амалга ошириб келаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида “MASHHUR-PRESS” деб номланган нашриёт “Адиб ва жамият” рукнида қуйидаги китобларни замонавий босма технологиялари асосида қаттиқ муқовада сифатли нашрдан чиқарди.

“Матонат манзумаси”

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг навбатдаги бу китоби “Ватан учун, миллат учун, халқ учун”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Адабиёт атомдан кучли” деган қисмлардан иборат бўлиб, ундан шоирнинг шеърлари, долзарб мавзулардаги мақолалари ўрин олган.

“Ватан, она Ватанимизнинг ўзи буюк ва бетимсол китоб, — деб ёзади шоир “Китобсиз келажак йўқ” мақоласида. — Бу улуғвор китобни ўқиб, англамоқ учун ҳам, унинг қадр ва қимматига етиб юрмоқ, чин ва садоқатли, маърифатли ва билимли фарзанд бўлиб шарафламоқ учун ҳам кўп-кўп, жуда кўп гўзал ва чиройли китобларни мутолаа қилиши шарт ва зарурлигини англаб етган ҳар бир ўғил-қиз шу Ватаннинг энг кўркам ва бахтли дилбанди бўла олади”.

“Матонат манзумаси”нинг ўзи ҳам мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

“Бунда булубул китоб ўқийди”

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган, Исҳоқхон Тўра Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов ҳамда Муҳаммад Юсуф сингари маънавият заҳматкашларининг номлари билан аталувчи ижод мактаблари ҳақида таниқли шоир ва публицист Ғайрат Мажиднинг “Бунда булбул китоб ўқийди” китобида батафсил сўз юритилади. Китоб мундарижасидаги “Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар”, “Бир яхши замон келди”, “Боғинг ватан деган ном олсин, эй дўст” каби номларнинг ўзиёқ она юрт йўлида чекилган заҳматлар беиз кетмаслигини ифодалаб туради.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Матонат манзумаси”дан ўрин олган қуйидаги сатрлар эса 2000 нусхадан нашр этилган ҳар иккала китоб муаллифларининг муштарак мақсадларини акс эттиради:

Эй, ёронлар, халқни кўринг, кўринг орзу-ҳавасин,

Биз ёзмасак ким ёзгайдир бу кунларнинг “Хамса”син?!

Шойим БЎТАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019