Адҳам Холиқов: “Санъатимиз халқларимиз дўстлигига хизмат қилсин”

15:17 05 Сентябр 2018 Жамият
245 0

“Садриддин Айний номидаги опера ва балет академик театри” давлат муассасаси бадиий раҳбари, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Адҳам Холиқов “Халқ сўзи”га эксклюзив интервью берди. 

— Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинганининг йигирма етти йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тожикистон Республикасининг бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари, маданият, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида юксак мукофотга сазовор бўлдим. Бундан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлди, кўзларимга ёш келди.

Минтақада дўстлик, қардошлик, тинч­лик, барқарорлик, ишонч туйғуларини мустаҳкамлагани учун Ўзбекистон раҳбарига барча қатори Тожикистон аҳолиси ҳам миннатдорлигини билдирмоқда. Жорий йил март ойида Ўзбе­кистон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга, яқинда Президентимиз Эмомали ­Раҳмоннинг эса мамлакатингизга амалга оширган давлат ташрифи икки қадр­дон халқ вакилларини беҳад қувонтирди. Борди-келдилар кучайди.

Ўзбек ва тожик халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, қийинчиликларни ­биргаликда енгиб ўтган. Бу борада Шавкат Мирзиёев “Ўзбек ва тожик ­халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак”, дея жуда ажойиб фикрни ­билдирди. Бу ҳаммамизнинг айни ­дилимиздаги гап бўлди.

Юрагимдаги бир гапни айтсам: Ўзбекистонга меҳрим ўзгача. Чунки Тошкент театрларида маҳоратимни оширдим, шу ерда санъатга, мусиқага қалбимда муҳаббат янаям чуқур илдиз отди. Бу шаҳарда ўзига хос маънавий муҳит мавжудки, санъатга ошно қалбни, албатта, парвозга ундаб туради.

Ўтган йил октябрь ойида Алишер ­Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида чиқиш қилиш бахтига муяссар бўлдим. Бу мен учун улкан орзу эди. Мазкур театр Марказий Осиёдаги энг улуғ даргоҳдир. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ўтказилган “Дўстлик оқшоми” номли концерт ­дастуридаги чиқишим ҳам катта ­олқишлар билан кутиб олинди. Ўша ондаги ҳаяжоним, таассуротларимни таърифлаш қийин. Бу мен учун жуда катта шарафдир.

Табиатан ўзимни ҳамиша ёш ҳис этиб юраман. Қалбим шундай. “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвони мени янаям ёшартириб юборди. Санъатимиз халқларимиз дўстлигига хизмат қилсин. Ҳаётимиз шу тариқа мазмунли давом этсин. Халқларимиз бахтли-саодатли, бир-бирига елкадош бўлиб юришининг ўзи биз учун катта саодатдир!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар