“Адабиёт ўқитувчисининг асосий вазифаси яхши китобхонларни етиштиришдир”

18:25 27 Август 2018 Жамият
114 0

Китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, болалар қалбида китобга чинакам ҳавас, иштиёқ уйғотиш учун камида ота-оналарнинг ўзлари ҳам яхши китобхон, уйда ўқилиши лозим бўлган китоблар етарли бўлиши лозим. Китобга ҳавас уйғотишнинг йўллари кўп. Тажрибали педагоглар, руҳшунос ва мутахассисларнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган қўлланмалардан фойдаланиш ҳам бу борада яхши самара беради. Айрим хорижий мамлакатларда китоб ўқиш масаласи алоҳида фан сифатида ўқитилар экан. Буюк немис мутафаккири Гёте ёши саксонга борганда “Мен ҳалиям китоб ўқишни ўрганолмадим”, дея афсусланганини эсласак бу жуда жўяли кўринади.

Яқинда набираларимни пойтахтнинг Бешёғоч даҳасидаги Ғафур Ғулом уй-музейига олиб бордим. Болакайлар ўзлари севиб мутолаа қилишган машҳур “Шум бола” асари шу ерда ёзилганини билиб, ҳайрат ва ҳаяжонларини яшира олмай қолдилар. Шу мавзуга доир музей экспозициясидаги ҳар бир ноёб ашё-предметлар уларнинг қизиқишларини баттар оширар эди. Музейдан чиқиб “Китоб олами” дўконига йўл олдик. Болакайлар расталар орасида елиб-югурганча “Дон Кихот”, “Оливер Твист”, “Сариқ девни миниб”, “Жаҳон халқлари эртаклари” каби китобларни танлаб олишди. Дўконда турли тиллардаги қизиқарли китоблар кўплиги туфайли болаларда чет тилларни ўрганишга иштиёқ янаям ошди. Демак, “юз эшитгандан бир кўрган афзал”, деганларидек болаларни мутолаага қизиқтириш учун мана шундай амалий саъй-ҳаракатлар — музейларга, муқаддас жойларга саёҳатлар, китоб дўконлари, ярмаркаларига биргаликда бориш ҳам яхши натижа берар экан.

Бу борада республика Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг аҳамияти беқиёсдир. Гап фақат танловда ғолиб чиққан ёшларнинг машина ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишидагина эмас. Телевизорда намойиш этилаётган ушбу танлов фақат ёшлар учунгина эмас, китобга бефарқ бўлмаган ҳар бир киши учун бағоят мароқли ва фойдали тадбир бўлди. Китобхонликни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани кўпчиликни қувонтирди. Адабиёт ўқитувчиларининг янги чоп этилаётган китоблар, газета-журналлардан хабардорлиги ҳам тўғри мутолаани ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Атоқли адабиётшунос олим, устоз Озод Шарафиддинов “Адабиёт ўқитувчисининг асосий вазифаси яхши китобхонларни етиштиришдир”, деган эди. Шундай экан, бу борада ёзувчи-шоирлар, адабиёт ўқитувчилари, мутахассис олимлар, социологлар, руҳшуносларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам зарурроқдир. Бугунги китобхон бола эртага жамиятнинг етакчи кучига айланиши ёруғ ва эзгу орзу-умидларимиз рўёбига кенг йўл очади.

Шодмон ОТАБЕК, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар