«Абу Али ибн Сино — Ўзбекистон фахри ва жаҳон мулки»

17:03 17 Август 2020 Жамият
328 0

Буюк бобокалонимиз, улуғ аллома ва мутафаккир, табобат илми султони, файласуф, математик, руҳшунос олим, мусиқачи, беназир шоир сифатида илм-фаннинг 29 соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган Абу Али ибн Синонинг таваллуд топганига 1040 йил тўлди.

Шу қутлуғ сана муносабати билан «Абу Али ибн Сино – Ўзбекистон фахри ва жаҳон мулки» мавзусида халқаро илмий-маърифий онлайн анжуман бўлиб ўтди. Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Германия, Бельгия, Францийа, Исроил, Туркия, Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари, депутатлар, экспертлар, шифокорлар, фармацевт, тарихчи олимлар, шарқшунос, файласуф, биолог ҳамда кимёгарлар иштирок этди.

Маълумки, Абу Али ибн Сино тарихда ёрқин из қолдирган буюк алломаларимиздан бири бўлиб, унинг бой илмий мероси инсониятга ҳамон ғурур ва ифтихор бағишлаб келмоқда. Аллома Шарқ ва Ғарб илм-фани, маърифати, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатгани боис, ўз даврида «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби юксак мақомларга сазовор бўлган. «Тиб қонунлари» асари эса асрлар давомида табобатнинг муфассал қомуси бўлиб қолмоқда.

Халқаро анжуманда сўзга чиққан ўзбекистонлик олимлар Абу Али ибн Синонинг ўз давридаги инновацион ғоялари, тиббиёт фалсафаси, халқ табобати мутахассисларини тайёрлашдаги ўрни, стоматология ривожидаги ҳиссаси, ахлоқий ва тарбиявий қарашлари ҳақида маърузалар ўқиди. Хорижлик соҳа мутахассислари эса COVID-19 профилактикаси ва уни даволашда ибн Сино ўгитлари, Европада Авиценна руҳи ва таъсири, Ҳиндистонда ибн Сино меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумотлар берди.

Анжуманда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам сўзга чиқиб, бобомизнинг бугун инсониятга хизмат қилаётган одоб-ахлоққа оид асарлари ҳақида гапирди. Ибн Сино ўзининг ахлоқ тўғрисидаги асарларида инсонлар кундалик ишларида камтарлик, иззат-ҳурмат, жасурлик, тўғрилик, софдиллик каби ахлоқий қоидаларга алоҳида эътибор беришлари зарурлигини уқтиргани, тарбиянинг асоси бўлган бу фазилатлар айни кунда мамлакатимиз умумтаълим тизимига «Тарбия фани»ни жорий этиш бўйича ташаббус кўрсатган ЎзМТДП учун ҳам ниҳоятда қадрли эканини таъкидлади. Партия устувор ғояларидан келиб чиққан ҳолда халқимиз миллий маънавиятини аждодларимизнинг бой илмий мероси негизида юксалтириш ва дунё миқёсида танитиш бўйича Ибн Сино халқаро жамоат фонди билан Меморандум имзолаш режалаштирилгани маълум қилинди

Тадбирда таъкидланишича, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида Халқ табобатини ривожлантиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқиш, уни замонавий тиббиёт даражасига етказишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш, Ўзбекистон Республикасининг «Халқ табобати тўғрисида»ги қонуни ҳамда Халқ табобатини ривожлантириш Концепциясини яратиш бўйича муҳим вазифалар киритилган бўлиб, бу масалаларни амалиётга жорий этишда анжуманда иштирок этаётган барча ташкилотлар, олимлар билан ҳамкорлик қилади.

Тадбирда бундай илмий-амалий анжуманни мунтазам ўтказиш ва Абу Али ибн Сино меросини тадқиқ этишда соҳа мутахассислари алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?