Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг иккинчи гуруҳи Ватанга қайтарилди — ТИВ

11:27 29 Октябр 2020 Жамият
197 0

Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Оператив штаби ахборот берди.

"Махсус комиссия қарори билан, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг биргаликдаги фаолияти натижасида 2020 йилнинг 28 октябрь куни Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи Сочи шаҳридан «Uzbekistan Airways» АЖнинг чартер рейслари билан Ватанга қайтарилди.

Аввалроқ, 9 октябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус поездида ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафар ҳамюртларимиздан иборат биринчи гуруҳ Ватанга қайтарилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон дипломатлари ушбу чегараолди ҳудудида бўлиб, Абхазиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда.

Ҳозирги вақтда Россия томони билан Россия Федерацияси ҳудуди орқали Абхазияда қолган Ўзбекистон фуқароларини юртимизга олиб келишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.

Коронавирус инфекцияси пандемияси пайтида фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Хорижий мамлакатлар ҳудудидаги ватандошларимиздан оммавий тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз" дейилади ахборотда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?