Абитуриент эътирози: “Қачонгача имтиёзга эга ёшлар сабаб ўқишга кира олмаймиз?”

15:13 19 Июль 2019 Жамият
987 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари йўлида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси олий таълим муассасаларидаги қабул жараёнларида ҳам ўз аксини кўрсатмоқда.

Абитуриентларнинг учта олийгоҳга имтиҳон топшириш имконияти яратилганлиги, кечки ва сиртқи ўқув шаклининг йўлга қўйилганлиги, синов натижалардан қониқмаган ёшларнинг апелляцияда ўз фикрларини очиқ-ойдин ва эркин билдира олиши, имтиҳонлардаги шаффофликнинг таъминланиши каби ўзгаришлар каттаю кичикни бирдай шод этаётгани сир эмас. Ҳатто бу йилги абитуриентлар орасида 60-70 ёшдан ошган талабгорларнинг ҳам борлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Албатта, бу қабул жараёнининг яхшиланаётганидан далолат.

Аммо бу борада яна шундай ҳолатлар ҳам борки, айрим юртдошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Куни кеча Олий ҳарбий божхона институтига қабул имтиҳонларининг жавоблари эълон қилинди. Фарғона вилояти, Бағдод туманидан ушбу олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриент Дилёржон ВАЛИЕВ имтиҳон натижаларидан норози. Унинг сўзларига қулоқ тутдик:

— Мен ўтган йили Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга топшириб, 193.3 балл билан 28 ўринда ўтган эдим. Аммо ажратилган квота 25 та бўлганлиги боис ўқишга кира олмаган эдим. Ўтган бир йил мобайнида янаям яхши тайёргарлик кўриб, бу йил ушбу олийгоҳнинг Божхона ҳуқуқи йўналишига яна бир бор ўқишга топширдим ва (максимал 226.8 баллдан) 204.7 балл (тарих-35та, она тили-34та, инглиз тили-28 та тўғри жавоб) тўпладим. Бу балл билан мен 6 июль куни чиққан натижаларда 22 ўринда турганимни кўриб, ўқишга кирдим деб ўйлаб, бошим осмонга етган эди! Аммо 13 июлда чиққан мандат жадвалида эса ўқишга қабул қилинганлар рўйхатида эмаслигимни кўрдим... Рўйхатда 9 та имтиёзга эга абитуриентлар исми турарди. Улар ҳеч қандай имтиҳонда қатнашмаган, айтишларига қараганда, “Мард ўғлони” мукофоти совриндорлари ҳамда Темурбеклар мактаби битирувчилари экан. Имтиёзга эга абитуриентлар учун квота алоҳида бўлса яхши бўлар эди...

Уларнинг ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинишига қарши эмасмиз. Бироқ тартиб шу тарзда давом этса қолганлар қачон ўқишга киради? Шунча ҳаракат қилиб, ўқиб, юқори балл олиб ҳам ўқишга кира олмасак яна нима қилиш мумкин, ҳайронмиз...

Умид қиламизки, бу муаммо ҳам тез орада ўз ечимини топади.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019