«Абитуриент — 2020»: Бакалавриат таълим йўналиши учун қўшимча тест синовлари ўтказилди(Фоторепортаж)

22:57 17 Сентябр 2020 Жамият
257 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шу йилнинг 2 сентябрь куни мамлакатимизнинг барча ҳудудида 2020/2021 ўқув йили бакалавриат таълим йўналиши учун тест синовларига старт берилганди. 13 сентябрь куни тест синовлари якунига етди.

Пандемия шароитида очиқ майдонларда тест топшириш эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериши ҳисобга олиниб, бу йилги тест синовлари катта сиғимли ёпиқ иншоотларда эмас, балки мамлакатимизнинг очиқ стадион ва хиёбонларида санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Айтиш лозимки, республика бўйича тест синовларида иштирок этиши белгиланган 1 миллион 304 минг 194 абитуриентдан 1 миллион 240 минг 614 нафари (95,1 фоизи) қатнашди. 63 минг 580 нафари эса (4,9 фоизи) турли сабабларга кўра иштирок этмади. 90 нафар абитуриент тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганлиги сабабли далолатнома тузилиб, тест синовларига киритилмади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 13 сентябрдаги 4-сон баёнида шу йил 2 — 13 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовларида ҳудудга киришда тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ҳамда тест синови ўтказиладиган кунда коронавирус инфекцияси билан касалланган абитуриентлар учун тест синовларини 2020 йил 17 сентябрь куни ташкил этиш белгиланган эди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугун ушбу абитуриентлар учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тайёрланган стадион ҳамда хиёбонларда қўшимча тест синовлари ўтказилди.

Пойтахтимизда қўшимча тест синовлари Ботаника боғида бўлиб ўтди. Биз бу ерда имтиҳон жараёнларини кузатдик. Боғда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тест синовларининг тартибли, юқори савияда, белгиланган талаб ва меъёрларга риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. Бу ерда ажратилган майдонда тест синовлари ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилганига, тест синовлари ўтказиладиган майдон барча зарурий жиҳоз, парта, стул ва бошқа шу каби нарсалар билан таъминланганига гувоҳ бўлдик.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Абитуриентлар тест ўтказиладиган ҳудудга текширилиб, дезинфекцион йўлакдан ўтказилди. Уларнинг тана ҳарорати ўлчанди. Абитуриентларга тиббий ниқоб, қўлқоп берилди. Шунингдек, абитуриентлар шахсини идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали киритилди ҳамда тест синови видеокузатув мосламаларига ёзиб олинди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Абитуриентлар ўтирадиган ҳар бир парта имкон қадар узоқроқ масофада жойлаштирилган бўлиб, бу ижтимоий масофани сақлаш имконини берди. Ҳар бир столда абитуриентлар учун жавоб варақасини тўлдириш бўйича кўрсатмалар бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Яъни абитуриентларнинг тест саволларига жавоб беришлари учун уч соатдан вақт белгиланди. Абитуриентлар 2 та фандан жами 60 та тест саволига жавоб топдилар.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Айтиш жоизки, абитуриентлар ўзи тўплаган баллни Давлат тест маркази расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали эртаси куниёқ билиши мумкин. Уларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани 24 сентябргача Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?