“Абитуриент-2018”: видеоёзувлар қайта кўрилади, қоидабузар абитуриент натижаси бекор қилинади

11:16 03 Август 2018 Жамият
1257 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган кириш имтиҳонлари UZDIGITAL TV телеканаллари тармоғи орқали, шунингдек www.test2018.uz сайтида тўғридан-тўғри олиб узатилмоқда. Юртимиз миқёсида ташкил қилинган мазкур амалиёт илк маротаба татбиқ қилинди ҳамда 1 дан 15 августга қадар давом этади.

Имтиҳон жараёнларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш учун техник масъул давлат органи сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 1300 дан зиёд видеокузатув тизимига уланган камералар, республика миқёсида ташкил қилинган 62 та кутиш павильонида мониторлар фаолияти йўлга қўйилди.

Жамоатчилик, абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари учун ташкил қилинган махсус жойлар, онлайн назорат тизими имтиҳон жараёнларининг самарали ўтишига хизмат қилади.

Шунингдек, объектлар ичкарисида ўрнатилган кузатув тизими имтиҳон жараёнидаги қоидабузарликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш имконини беради. Хусусан, кузатув жараёнида кўчирма материаллар, турли электрон алоқа воситалари, “Master Card” микро аудио-қулоқчинларидан фойдаланишга уринган абитуриентлар имтиҳондан четлатилди.

Шу билан бир қаторда, имтиҳонларни ёзиб олиш амалиёти ҳам илк маротаба жорий қилинди. Давлат тест маркази мутасаддилари тест жараёнларини қайта кўриб чиқиб, қоида бузганлиги аниқланган абитуриентларнинг натижаларини бекор қилиш чораларини кўради. Бу тўғрида вазирлик расман хабар бермоқда.

Тест имтиҳонларида очиқ-ошкораликни таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан йирик қамровда кенг фойдаланиш илк маротаба жорий қилингани боис, кичик техник носозликлар ҳам кузатилди.

Мониторинг натижаларига кўра, пойтахтимизда жойлашган “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ўтказилган имтиҳон жараёнларини махсус экранларга олиб узатиш жараёнида узилишлар ва хатоликлар зудлик билан бартараф қилинган.

Шу билан бирга, электр энергиясининг беқарорлиги натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида,Тошкент шаҳридаги намойишларда қисқа носозликларни келтириб чиқарган. Худди шу омил “Ёшлик” (Тошкент шаҳри) объектида ўтаётган имтиҳонларни олиб узатаётган 2 та айланма камера фаолиятини ишдан чиқарган.

Самарқанд вилоятида абитуриентларнинг юз-қиёфасини текширувдан ўтказувчи камера фаолиятида қисқа носозлик кузатилган ва муаммо тезда бартараф қилинган.

Айтиш жоизки, куннинг иккинчи ярмида ташкил қилинган имтиҳонларнинг иккинчи қисмида имтиҳонлар ўтказилаётган барча объект ва биноларда кузатув тизими маромидагидек ишлаган, узилиш ва носозликлар кузатилмаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар