90, 98, 99... 107 ёш. Коронавирусни енгган дунёнинг энг кекса инсонлари

23:36 17 Апрель 2020 Lifestyle
512 0

Бугун Перуда 90 ёшли эркак коронавирусдан тузалди. “МИР 24“нинг ёзишича, Валерио Санта Круз икки ҳафта касалхонада муолажа олган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, у коронавирусдан тўлиқ халос бўлган. Унга ўпканинг сунъий шамоллатиш аппарати билан уланмаган. Шу тариқа Санта Круз Перудаги коронавирус инфекциясини енгган энг кекса бемор бўлди.

Лекин Санта Круз дунёдаги коронавирус инфекциясидан шифо топган энг кекса инсон эмас. Масалан, Буюк Британия фуқароси, 106 ёшли британиялик Конни Титчен ҳам ушбу касалликдан муваффақиятли даволанди. “ABC News” иккита жаҳон урушидан омон қолган Конни Титчен бу касалликка ҳам таслим бўлмади дея хабар тарқатди. Титчен хоним касалхонада уч ҳафта муолажа олган ва унинг организми вирусдан бутунлай халос бўлган. У касалхонадан ўзига хос тадбир билан кузатилди.

“Мен бу вирусни енгганимдан жуда хурсандман. Оилам билан кўришишни бошқа кута олмайман“, деган Титчен хоним.

“Титчен хонимнинг соғайишини тасаввур қилишни ўзи қийин эди. Ушбу вирусни енгиб чиққан беморларнинг клиникамиздан чиқиб кетишлари биз учун жуда яхши воқеа“, дейди ҳамшира Келли Смит.

Бразилияда эса Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси, 99 ёшли Эрнандо Армелиндо Пивет ҳам касалхонадан чиқарилди. Апрель ойининг бошларида унга коронавирус ташхиси қўйилган эди.

Аввалига уйида даволанган Армелиндо Пивет 6 апрель куни касалхонага ётқизилган. У саккиз кунлик даволанишдан сўнг вирусдан халос бўлган. Шифокорлар уни тўлиқ тузалганига ишонишларини билдиришган.

Булардан ташқари, апрель ойининг бошларида Италияда 104 ёшли пенционер Ада Зануссо, бир неча кун олдин эса АҚШда бошқа бир Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Билл Лапсчис коронавирусдан соғайгани маълум қилинган эди.

Ҳозирга қадар коронавирусни енга олган дунёдаги энг кекса бемор нидерландиялик 107 ёшли аёл бўлиб турибди. Бу ҳақда NL Times нашри Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилига таяниб хабар берган эди.

Бемор Жанубий Нидерландия провинциясида, Қариялар уйида яшаган Корнелия Рас март ойи ўрталарида коронавирусни юқтиргани маълум бўлган. Ўшандан бери муолажа олган кекса онахон ўтган ҳафта бошида инфекциядан тузалган.

Март ойининг бошида 98 ёшли Ухан шаҳри фуқаросининг коронавирусдан муваффақиятли даволангани ва касалхонадан чиққанлиги маълум қилинган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?