9 июн — Халқаро архивлар куни

21:14 09 Июнь 2019 Жамият
480 0

Тарихнинг тилсиз кўзгуси

Архив сизу биз кўрмаган қадим тарихдан то бугунгача бўлган даврнинг тилсиз гувоҳидир. Сўнгги йилларда ушбу мураккаб соҳага эътибор тубдан ўзгарди. Айниқса, «ёпиқ маълумотлар»нинг очилиши энг муҳим воқеалардан бири бўлди, десак янглишмаймиз.

Дунёда ҳар бир мамлакатнинг ўз миллий архиви бор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон Республикаси кинофото ҳужжатлари марказий давлат архиви ҳамда Ўзбекистон Республикаси илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архивларига Миллий архив мақоми берилиши айни кунларда муҳокама этилмоқда.

Аслида у бутун соҳа тарихини қамраб олишини ҳамма соҳа вакили ҳам билмайди афсуски. Мозийга назар ташласак, илк архив ёзув билан бир пайтда пайдо бўлган, дейди археологлар. Манбалар яна шундан далолат берадики, дастлабки ҳужжатхоналар Месопотамия, Миср ва Кичик Осиё ибодатхоналарида, саройларда сақланган, маълумотлар турли хил ҳужжатлар сопол лавҳаларга, рандаланган тахтачаларга, папирус ва оширилган чарм (пергамент)га битилган.

Республикамизда эса расман архивга бундан юз йил олдин асос солиниб, у бугунгача Марказий Осиёдаги ягона архив агентлиги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизимида 14 та ҳудудий бошқармалар, 103 та давлат архивлари ҳамда уларнинг филиаллари халққа хизмат қилиб келмоқда. Шунингдек, юртимизда ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган 109 та шахсий таркиб ҳужжатлари идоралараро ва 11 та нодавлат архивлар ҳам фаолият юритмоқда.

Халқаро алоқалар ривожланмоқда

— Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар ва шароитлар натижасида архив ҳужжатларини қамраб олиш имконияти кенгайтирилди, ҳозирда давлат архивларида сақланаётган ҳужжатларнинг чегара саналари ИХ асрдан бугунгача даврни ташкил этиб, уларнинг сони 12 млн. сақлов бирлигидан ортди. — дейди Дилдора КУЧАРОВА, ЎзАрхив агентлиги бош директор ўринбосари. — Айтиш жоизки, тизимнинг моддий-техник базаси ҳам босқичма-босқич ривожлантирилмоқда. Давлат архивларининг деярли 90% темир стеллажлар билан таъминланди. Барча ҳужжатхоналар локал ва интернет тармоғи мавжуд замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган. Бугунги кунда «Ўзархив» агентлиги тизимида ҳужжат айирбошлаш электрон ҳужжат айланиши тизими орқали юритилиб, сақланаётган ахборот ресурслари бўйича электрон базаларни яратиш, ҳужжатларини рақамлаштириш ишлари амалга оширилаяпти.

Яна бир муҳим жиҳат, «Ўзархив» агентлиги 2009 йилдан Халқаро Архивлар Кенгашига аъзо бўлиб, мунтазам равишда халқаро конференциялар, конгрессларда иштирок этиб келмоқда. Республика давлат архивларида сақланаётган қимматли ҳужжатларнинг умумжаҳон аҳамияти эътироф этилиб, Хива хонлиги ҳужжатлари 2017 йилда ЮНEСКОнинг «Жаҳон хотираси» Дастури бўйича Халқаро рўйхатга киритилди.

Эндиликда қулай шароитлар мавжуд

ЎзАрхив тизимида ҳозирда фаолият юритаётганларнинг 34% ни олий маълумотлилар, 58% ни ўрта-махсус маълумотига эга ходимлар ташкил этади. Сўнгги йилларда архив иши соҳаси мутахассислиги бўйича архивларда фаолият юритаётган ишчилар сони 2% дан 20% гача ортди. Кадрлар қўнимсизлигига чек қўйишнинг асосий шартларидан бири уларнинг ижтимоий ҳимояланишини таъминлаш, моддий рағбатлантириш кабилар экани ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида» Қарори асосида давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдори белгиланиб, ўртача 45% га оширилди ва илк бора узоқ муддат хизмат қилганлар учун ҳар ойда тақдирлаш пули тўланиши жорий этилди.

  • Халқаро архивчилар кунида фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ўзархив» агентлиги қошида марказ ташкил этилди ва у икки йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. — дейди Нилуфар Анаркулова, Архив хизмат кўрсатиш маркази раҳбари. — Одамлар илгари нафақага чиқишда ҳамма архивлардан ҳужжат йиғишган. Бу эса кўплаб ноқулайликларни вужудга келтирган. Ана шу «югур-югур»ларни йўқотиш, қулай шароит яратиш мақсадида марказимизга асос солинди. Эндиликда ҳамма битта марказга тўғридан тўғри мурожаат қилади. Дастлаб фаолиятимизни Тошкент шаҳрида яшовчилар учун хизмат кўрсатишни бошлаган эдик. Бугунга келиб вилоятларга электрон тарзда ҳужжат юборишни ҳам йўлга қўйганмиз.

Айрим муаммолар ечимини кутмоқда

Юқорида айтиб ўтганимиздек, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг 58% ўрта-махсус маълумотлига эга ходимлар ташкил этади. Яъни кўп қисмини ўрта-махсус таълимга эга бўлганлар асосий ишчи кучи ҳисобланади. Бу борада агентлик раҳбариятига савол билан юзланганимизда тизимдаги бир неча камчилик ва муаммоларни санаб ўтишди.

Биринчи навбатда, соҳада кадрлар салоҳияти юқори эмаслиги ва мутахассис кадрларнинг етишмаслиги тизимдаги асосий муаммолардан бири саналади. Бу ўринда олий таълим даргоҳларида архившунослик йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни кенгайтиришга эҳтиёж катта,шунингдек, архивларда ходимлар томонидан илмий изланишлар жуда кам ва тор доирада олиб борилмоқда. Бу камчиликларнинг асосий сабаблари эса иш ўринлари сони етишмаслиги ва илмий ходимларнинг базавий лавозим маошларининг озлигидир.

Иккинчидан, архивларнинг моддий-техника базаси дунё стандартларига тўлиқ мос келмайди. Архивлар мобил стеллажлар билан таъминланмаган, аксариятида ҳарорат-намлик меъёрларига риоя этиш учун ускуналар мавжуд эмас, айрим архивлар биноларида ёнғинга қарши ва қўриқлов сигнализациялари талабга жавоб бермайди. Электрон архивларни ташкил этиш учун серверлар ва технологиялар етарли эмас.

Учинчидан эса, архив ҳужжатларини рақамлаштириш жадал тарзда олиб борилмаётганлиги сабабли архив ҳужжатларининг электрон нусхалари ва электрон базалари тўлиқ шаклланмаяпти, ушбу ҳолат эса архив ҳужжатларидан кенг миқёсда фойдаланиш имкониятини чеклаб қўймоқда;

Тўртинчидан, архив иши соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим нормалар замон талабларига жавоб бермайди, хусусан, нодавлат архивлари ривожланишига тўсқинлик қилаётган нормаларни қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд;

Бешинчидан, архив иши соҳаси бўйича фахрий унвон мавжуд эмас, архив фан, маданият, ахборотни ўзида мужассам этган соҳа бўлсада, у соҳалар вакиллари фахрий унвонларга эга бўлганда архив вакиллари четда қолмоқда.

100 йиллик арафасида

Ўзбекистон архивлари нуфузини ошириш ва уларда сақланаётган ноёб ва алоҳида қимматли ҳужжатлар тўғрисида маълумотларни кенг оммага етказиш мақсадида Агентлик веб-сайтида алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларнинг электрон реестрини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Архив жуда кенг тушунча. У бутун бир тарихни ўзида мужассам этган. Бу йил ноябрь ойида республикамизда архив тизими ташкил этилганлигига 100 йил тўлади. Нафақат архивчилар учун, балки барчамиз учун бу муҳим воқеа ҳисобланади.Бир сўз билан айтганда, архивчилар — «ҳужжат жарроҳлари» увадаланиб, салкам йўқ бўлиб кетган дурдона манбаларни, қўлёзмаларни, ўтмишимизни, ўзлигимизни «оёққа турғазади». Бинобарин, тараққий этган келажакни барпо этишда архив ҳозир ҳам, кейин ҳам муҳим аҳамият касб этаверади.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
«Халқ сўзи» мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019