800 нафар хотин-қизга меҳнат дафтарчаси очилди

23:35 22 Май 2020 Иқтисодиёт
108 0

Бугун Пискент туманида пилла теришга киришилди. Шу муносабат билан туман “Агропилла” МЧЖда мавсумнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳокимлик, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва тегишли соҳа вакиллари ҳамда Жанубий Кореянинг “Jin Juz Silk” МЧЖ компаниясининг республикамиздаги бошқарувчиси иштирок этди.

“Тараққиёт” маҳалласидаги “Пиллакорлар” кўчасида истиқомат қилувчи Халима Абдураҳмонова бундан бир ой муқаддам 2 қути ипак қурти парваришига киришганди. Бугун мавсумида биринчи бўлиб, 110,6 кг 1-навли хомашё топширишга эришди.

—Кўчамизга бежизга “Пиллакорлар” деб, ном беришмаган,— ​ дейди у. — Ипак қурти боқиш жуда машаққатли иш. Шундай бўлса-да, қўни-қўшнилар билан ҳар йили пилла етиштирамиз. Бу йил ҳам дастлабки куннинг ўзидаёқ Шуҳрат Абдураҳмонов, Даврон Махаматмуродов, Раъно Толибоева сингари қўшниларим белгиланган режани уддаладилар. Пандемия шароитидаги чекловларга тўлиқ амал қилган ҳолда иш юритдик. Шу боис, уйда ўтириб, ҳалол меҳнат қилиб яхшигина даромад топяпмиз. Бир килограмм пиллага навига қараб, 24 500 сўмдан 34 500 сўмгача ҳақ тўланмоқда.
 

“Бир оилага бир қути” акцияси доирасида карантин даврида уйда қолган ва иш билан банд бўлмаган 800 нафар хотин-қизларнинг ушбу жараёнга жалб этилиши, уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажи белгиланиши аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Пиллакорлар Хитойдан келтирилган серҳосил янги навли пилла қурти парваришида жорий қилинган махсус қоидалар ва мутахассислар тавсиясига қатъий амал қилиб хомашё салмоғини янада кўпайтиришга эришдилар.

Пискентлик пиллакорлар бу йилги мавсумда жами 2327 қути ипак қурти парваришлаб, 128 тонна экспортбоп кумуш тола етиштиришни режалаштиришган.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?