Эркинжон Турдимов болалар аёвсиз калтакланган мактабга борди

14:39 27 Июль 2018 Жамият
932 0
Фото: facebook.com/turdimov/

Самарқанда вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти билан танишди.

Хабарингиз бор, 23 июль куни мазкур мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Шундан сўнг Бош прокуратура Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактабда содир бўлган мудҳиш воқеалар бўйича расмий изоҳ берган эди.

“Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тарбияланаётганлар учун яратилган шарт-шароит ўрганилди. Кейинги кунларда мазкур муассасада содир бўлган ҳолат мактаб жамоаси, мутасаддилар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди. Турли хил кўнгилсиз воқеалар рўй бермаслиги бўйича чора-тадбирлар белгиланди”, деб ёзади Эркинжон Турдимов Facebook’даги саҳифасида.

Шунингдек, вилоят раҳбари Самарқанддаги 1- ва 10-сон меҳрибонлик уйлари фаолияти билан ҳам танишган.

“Самарқанддаги 1- ва 10-сон меҳрибонлик уйларида ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олиб, камолга етиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилган. Шуниси борки, бу ерда вояга етаётган ёш авлод кўп сонли инсонларнинг меҳри ва эътиборидан баҳраманд бўлиши, энг асосийси, жамоатчиликнинг ғамхўрлигини ҳис этиши керак. Мутасаддилар билан мана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди”, деб ёзади Эркинжон Турдимов.

Бундан ташқари, Эркинжон Турдимов 131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган инсонлар истиқомат қилаётган “Саховат” интернат-уйида ҳам бўлди ва у ердаги яратилган шароитларни танқид қилди.

“131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган инсонлар истиқомат қилаётган “Саховат” интернат-уйида бир қатор муаммолар борлиги кузатилди. Жумладан, бинода лифт ишламайди, ювиниш хоналари таъмирталаб, санитария қоидаларига амал қилинмаган. Муассаса ҳовлисида ободончилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ёзги павильонда кроват-сўрилар бор, бироқ шароит яратилмаганлиги сабабли баҳаво жойга ҳеч ким келмайди. Интернат-уйи мутасаддилари фаолиятидан қониқмадик. Ҳар қандай жамият муаммо ва камчиликлардан холи эмас. Лекин муаммоли масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва тезда бартараф этиш ҳар бир соҳанинг масъул кишилари билан бирга, кенг жамоатчиликнинг ҳам асосий вазифаси бўлиши лозим”, деб ёзади Эркинжон Турдимов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар