4 ой ўтиб Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида яна раҳбар ўзгарди

17:35 04 Октябр 2018 Спорт
640 0

Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, ассоциация Ижроия қўмитаси аъзолари, ассоциациянинг вилоят бўлими раҳбарлари, ҳакамлар, мураббийлар, терма жамоа аъзолари иштирок этишди.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала ташкилотга янги раҳбар сайлаш эди. Ушбу лавозимга Аҳмаджон Аминджанович Раҳимов номзоди илгари сурилди. Йиғилганлар кўрсатилган номзодини қўллаб-қувватлашди ва якунда Аҳмаджон Раҳимов Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг раиси этиб сайланди.

Маълумот учун, Аҳмаджон Раҳимов 1975 йилда таваллуд топган. Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини тамомлаган. Оилали. Уч фарзанднинг отаси.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти лавозимида қарийб 10 йилдан буён фаолият юритиб келган Ботир Парпиев, Давлат солиқ қўмитаси раислигидан ишдан олиниши ортидан, бу вазифасидан ҳам озод этилган эди. Парпиевнинг ўрнига 19 май куни Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов сайланган.

Миллий олимпия қўмитаси хабарида ассоциацияга 4 ойдан бироз кўпроқ вақт раҳбарлик қилиб келган Лазиз Ҳасанов исми тилга олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясида ҳам навбатдан ташқари конференция бўлиб ўтган ва унда май ойидан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келган Нурхон Нафасов ўрнига Аламжон Муллаев сайланди. Ўшанда ҳам собиқ раҳбарнинг ишдан олиниши сабаби номаълумлигича қолган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019