4 миллиард сўмлик заргарлик маркази иш бошлади

14:23 27 Ноябрь 2019 Иқтисодиёт
379 0

Термизда 4 миллиард сўмлик заргарлик маркази иш бошлади

“Акбар Термизий“ хусусий корхонаси томонидан барпо этилган янги марказ заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараённи ўз ичига олади. Шунингдек, уч қаватли бинода жойлашган махсус марказ заргарлик тармоғида иш юритаётган тадбиркорлик субъектларини бир жойга йиғиб, ўзаро ҳамкорликдаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бинони реконструкция қилиб, заргарларга барча қулайликларни яратиш учун тижорат банкининг 3 миллиард сўм кредит маблағи ва бир миллиард сўм тадбиркорнинг ўз маблағи сарфланди.

Мажмуанинг биринчи қавати заргарлик буюмларини сотиш, иккинчи қавати заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва учинчи қавати ёш заргарларни тайёрлаш ўқув марказига мослаштирилди. Лойиҳа натижасида юзга яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, вилоятда бир йилда ўртача 18 мингта никоҳ қайд этилади. Агар улар иккитадан уч граммлик узук сотиб олса йилига 36 минг дона ёки 108 килограмм никоҳ узуги харид қилинади.

– Дастлабки ҳисоб-китобларимиз бўйича марказда қимматбаҳо буюмларнинг чакана савдосидан келгуси йил 4 миллиард сўм даромад олиниб, давлат бюджетига 200 миллион сўм тушум таъминланади, – дейди “Акбар Термизий“ хусусий корхонаси таъсисчиси С.Эргашев. – 2022 йилда савдо айланмаси 8 миллиард сўмни ташкил этиб, бюджетга 400 миллион сўм маблағ туширилади. Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун Италия, Туркия, Хитой, Германия каби давлатлардан асбоб-ускуналар олиб келинади. Яна қўшимча 50 иш ўрни яратилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Денов туманида ҳам худди шундай марказ ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019