3D-принтерлари орқали мобил уйлар чиқарилмоқда

12:26 08 Август 2018 Lifestyle
264 0
Фото: ЦИАН

Кун келиб мобил уйлар 3D-принтерларидан чиқишини тасаввур қилиб бўлмасди. Украинанинг “ПассивДом” компанияси бунинг уддасидан чиқиб ҳар қандай об-ҳавога чидамли ва қуёш энергиясидан қувватланувчи мобил уйлар яратиш пайида. Тажрибадаги биринчи уй АҚШнинг Невада штати шаҳарларидан бирида қурилмоқда. Бу ҳақида “Америка овози” телерадиоси хабар берди.

Мобил уйлар ясашга мўлжалланган 3D-принтерлари устахонасининг биринчи намунаси Невада штати Рено шаҳрида. Ўз-ўзини бошқара оладиган принтерни Украина стартаплари яратиб, “ПассивДом” деб номланган.

“Инсон борки, орзу қилади. Кимдир тоғда, кимдир океан, шаршара ёнида яшашни хоҳлайди. Лекин тоғли ҳудудда уй қуриш, канализация, электр токи тушириш уйнинг ўзидан қимматга тушади”, - дейди лойиҳа муаллифи Максим Гербут.

Унинг айтишича, электр токини улаш энг қийин иш.

“Хоналардаги ҳароратни, иссиқликни сақлаб қолишни 20-40 фоизга кўтардик. Уйни - 20 цельсий даражада ҳам 800 ватт билан бир соат ичида кофе қайнайдиган даражага етказиш мумкин”, - дейди у.

Деразалар қалин, синмайди, ҳам ички ҳароратни сақлайди. Электр токи учун қуёш батарейкалари ўрнатилган. Уйнинг тўрт деворидан икки таси шишадан. 3D-принтердан чиққан шиша деворлар кимёвий фаолияти ниҳоятда суст, яъни ҳар қандай ҳавода реакцияга киришмайдиган газлар билан тўлдирилган.

“Бундай деворлар ўта чидамли. Ғишт ёки ёғочга таққослаб бўлмайди, юз баравар мустаҳкам”, - дейди Максим Гербут.

Антон Гетманнинг айтишича, “ақлли” мобил уйда 200 га яқин сенсорлар бор. Сув ва электр билан таъминловчи, ҳавони тозаловчи, об-ҳавога қараб ҳароратни назорат қилувчи 15 дан ортиқ микрокомпьютерлар ишлаб туради. Шунингдек, уй ўз-ўзининг ва уйда яшовчиларнинг хавфсизлиги ҳақида ҳам қайғура олади.

“Яшовчиларнинг ҳаракатларини кузатувчи инфрақизил сенсорлар яратганмиз. Мабодо ётган одам узоқ вақт турмаса ёки тана ҳарорати кескин тушиб кетса сенсорлар ишлаб кетади, тез ёрдам ёки яқинларига хабар бериш имкони бўлади”, - дейди Антон Гетмен.

Уйда, шунингдек, атмосферадан сув сиқиб оладиган аппарат ҳам ўрнатилган. Ишлатилган сувдан яна фойдаланиш мумкин.

“Керак бўлса, ичимлик суви ва энергияни ойлаб сақласа бўлади. Бирор бир ҳалокат юз берган тақдирда ҳам, бу уйда бехавотир қолиш мумкин”, - дейди Максим Гербут.

Бундай уйларнинг энг кичиги 38 квадрат метр. 64 мингдан 200 минг долларгача баҳоланади. Биринчи уй август охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар