3209та бўш ётган бинолар

17:39 13 Июнь 2019 Жамият
392 0

Қурилиши тугалланмаган объектлар тадбиркорларга нима учун берилади? Бу саволга соддагина қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани ривожлантириш учун, дея жавоб бериш мумкин.

Лекин бу объектлар йиллар давомида қаровсизлигича турса, туя гўшти еган объектга айланса – чи? Унда бундан на тадбиркор, на жамият фойда кўради. Қурилиши тугалланмаган иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссия ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида 3209 та объект хатловдан ўтказилди.

-Шу жараёнда бўш турган, аввал хусусийлаштирилган объект негизида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифини билдирмаган 1226 та мулкдорнинг рўйхати солиқ органларига тақдим этилди,- дейди вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Баҳодир Файзиев.-Уларга нисбатан солиқларни оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш чоралари кўрилди.

Ана шундай мулкдорлар қаторида тадбиркор Азиз Калонов ҳам бор.У Когон шаҳар марказидаги уч сотих ерда савдо мажмуаси барпо этишга киришганди.Ортда қолган бир неча йил давомида бутун бошли шаҳар қиёфаси ўзгарди.Ўнлаб иншоотлар қурилиб ишга туширилди.Аммо А. Калонов бошлаган иш бошланганича турибди. Шу сабабли қаровсиз ётган, самарасиз фойдаланилаётган ҳудуд учун у шу йилнинг мартидан мол – мулк ва ер солиғини икки карра миқдорда тўлаяпти.Шу шаҳардаги “Муҳаррам” хусусий корхонаси раҳбарига Идоралараро комиссия томонидан сўровнома юборилган, унда объектдан самарали фойдаланишга оид таклифлар сўралганди.Бироқ объект фаолиятини тиклаш муддатлари, молиялаштириш манбаларига доир сўровлар сувга тушган тошдек изсиз кетди.Оқибатда бу тадбиркорлик субъекти ҳам мол – мулк ва ер солиғини икки карра миқдорда тўлашга ўтказилди.Аҳвол шу тарзда кетса, бу миқдор тартибга мувофиқ, беш карра ошиши тайин.

Когон туманидаги “Когон равон йўли”, “Турон қурилиш монтаж”, “Автолен” масъулияти чекланган жамиятларининг фойдаланилмаётган объектлари мисолида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин.

-Жойларда тушунтириш ишлари олиб бориляпти,-дея давом этади Б. Файзиев.-Лекин шунга қарамай, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашаётган ишбилармонлар оз эмаслиги кишини ташвишлантиради.Масалан, шу кунга қадар вилоятдаги 1000 дан ортиқ корхонага мол-мулк ва ер солиқлари 2 карра, 41 та корхонага 5 карра миқдорда ва 6 та корхонага 10 карра миқдорда, жами 10 миллиард сўм қўшимча солиқлар ҳисобланди.

Маълумот тариқасида айтиш лозимки, Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – яъни, юридик шахслар мол-мулк ва ер солиқларини дастлаб 2 карра миқдорда, ушбу ҳолат давом этса 6 ой ўтгандан сўнг – 5 карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан 10 карра миқдорда тўлашга ўтказиладилар. Қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиш муддати эса тўхтатилади.

Истам ИБРОҲИМОВ, (“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019