30 киши иштирок этган тўйда келин-куёвларга ФҲДЁ бўлими онлайн тарзда гувоҳнома топширди

15:36 01 Июнь 2020 Жамият
464 0

Ҳайрон бўлманг, сарлавҳада келтирилган бу қувончли воқеалар сизу биз яшаётган шу заминда рўй берди! Тўғри, биз тўйдан аввал,тўйдан кейин бўладиган болахонали маросимларга ўрганиб қолганмиз. Лекин танганинг икки тарафи бўлганидек, пандемия шароити бизларни тежамкорликка, ҳар бир неъматнинг қадрини билишга ўргатди. Кутилмаган вазиятларда иккиланмай тўғри қарор қабул қилиш иммунитетини ҳосил қилди.

Рости, тўй учун емай-ичмай йиллаб йиғинардик. Миллионлаб пулларимизни бир куннинг ўзидаёқ тўй баҳонасида ҳаволарга учирардик. Никоҳ базми, фотосессия, санъаткорни вақтини кутиш... хуллас ҳар бир ҳаракат пул эди. Пул,пул,пул...

Мана, куни кеча Тошлоқ туманида икки севишганнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Э, отанга раҳмат деб юбордим, ўзиям! Кўзларимдан ёш қалқиди. Тасавву қиляпсизми, куёвтўранинг 4 та ўртоғи, келиннинг 4 та дугонаси билан никоҳ ўқилди.
ФҲДЁ бўлими масофадан туриб никоҳ гувоҳномасини топширди. Келин тараф ҳам, куёв тараф ҳам кам таъминланган қўшниларига эҳсонлар улашди. Эътиборлиси, ҳеч ким ҳеч нарса демади, тўй эгалари турли ғийбатларга ҳам қолмади. Тўй соддагина, ихчамгина,камхарж ва файзли тарзда ўтди-кетди. Ортиқча ҳашамат, дабдабаларсиз бўлганлиги учун уларни биров маломат ҳам қилмади. Бўларкану!!! Энг зарури келин-куёв хурсанд.

Дарвоқе, анави фотосессия, деганлари ҳам уйда амалга оширилди. Тўда-тўда бўлиб машиналарда келин-куёвнинг ўртоқлари катта магистраль йўлларни ҳам банд қилмади, биров йўл қоидасини ҳам бузмади. Хуллас, бир кунлик тўй харажатларига 1,5 миллион маблағ сарфланди.

Ҳали айтганимдек, тўй учун йиллаб йиғилган ва тежаб қолинган маблағларни келин-куёвлар келажакда ўзларининг оилавий бизнесларини йўлга қўйиш учун сарф қиладиган бўлдилар.

Сизларга ҳам ана шундай ихчам ва сермазмун тўй ўтказишни таклиф қиламан. Нима дейсиз?!
Аҳрор ЗИЁ,
журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?