26 апрель — “Амир Темур” ордени таъсис этилган кун. У билан кимлар мукофотланади?

10:13 26 Апрель 2018 Жамият
672 0

“Амир Темур” ордени мамлакатимизда соҳибқирон сиймосига кўрсатилаётган чуқур ҳурмат ва эътибор ифодасидир.

Орден марказида соҳибқироннинг от устидаги улуғвор қиёфаси акс эттирилган, тасвир остида эса бобомиз ҳаётда қатъий амал қилган шиор — “Куч — адолатда” сўзлари битилган. Бобокалонимизнинг ҳаётий эътиқоди теран акс этган бу ҳикмат бугунги кунда давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатнинг ҳам туб мазмун-моҳиятини ифодалайди.

Ушбу орден билан давлатчилигимизни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга, давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган юртдошларимиз, шунингдек, мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади. Фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам ушбу орден билан мукофотланиши мумкин.

1996 йил 28 августда бобокалонимизнинг 660 йиллик юбилейи муносабати билан Самарқанд ҳамда Шаҳрисабз шаҳарлари, 2014 йил 22 августда Термиз шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланган.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган Рустам Қосимжонов ҳам ушбу орден билан тақдирланган.
Бу йил мамлакатимизда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги кенг нишонланмоқда. Зеро, буюк саркарданинг Ватан, халқ олдидаги улкан хизматлари доимо улуғланаверади. Унинг сиймоси барчамизни янгидан-янги зафарларга, ютуқларга ундовчи куч-қудрат манбаи, буюклик ва адолат тимсоли бўлиб қолаверади.
Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар