253 гектар тутзорига жиддий зиён етган Олот туманида пиллачилар вазиятдан қандай қилиб чиқишди?

23:10 22 Май 2020 Иқтисодиёт
67 0

Хабарингиз бор, 27 апрель кечқурун содир бўлган табиий офат Олот туманининг нафақат тураржойлар, ижтимоий объектлари, балки қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий зиён етказди. Хусусан, 253 гектарни ташкил этган тутзорларни тўфон ва жала абгор ҳолга келтирди.

— Биласиз, табиий офатдан кўплаб турар – жойлар таъмирталаб ҳолга тушди, —​ дейди туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азамат Аҳроров. —​ Лекин бундан пиллачиларимиз саросимага тушмадилар. Улар яшаб турган уйлари том қисми шиферларини тўфон қўпориб ташлади. Шунга қарамай, ипак қурти парваришини рисоладагидай олиб бордилар. Натижада сифатли ҳосил етиштирилди. Пиллани топшириш ишлари уюшқоқлик билан давом этяпти.

—​ Пиллачиликдаги ютуқларим учун ўтган йилда Президентимиз Фармонига кўра, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Дўстлик” ордени билан тақдирланганман, —​ дейди илғор пиллакорлардан бири Назокат Салимова. —​ Бу йилги синовли дамларда ҳам кўп йиллик тажрибага таяниб ишлаяпмиз. Кам бўлганимиз йўқ.

Шу ўринда бир мисол. Пиллачи Дилсўз Худоева 1 қути ипак қурти парваришлаб, 125 килограмм “кумуш тола” етиштиришга муваффақ бўлди. Унга ва у каби самарали меҳнат қилган бир гуруҳ пиллачиларга вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи К. Камолов томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Жумладан, Д. Худоевага телевизор ва икки миллион сўм миқдорида рағбат пули берилди. Таъкидлаш жоизки, вилоят мутасаддилари ташаббуси билан режадан ташқари етиштирилган пилланинг ҳар килограмми учун 25 минг сўмдан қўшимча рағбат пули бериляпти. Бу соҳа ходимлари руҳига руҳ қўшди.

Маълумотларга қараганда, Олотда жорий мавсумда 3 минг қутидан зиёд ипак қурти парваришланди. Табиийки, офат оқибатида тутзорларга зиён етган бўлса, озуқа таъминоти масаласи қандай ҳал этилди, деган савол туғилади. Бу муаммога қўшни Жондор, Ромитан, Пешку туманларидан тут баргини ташиб келтириш йўли билан ечим топилди. Бошқача айтганда, олотликлар бу жиҳатдан ҳам ўзларини ёлғиз ҳис этишмади.

Истам ИБРОҲИМОВ, 
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?