250 ўринда 502 ўқувчи...

14:51 13 Февраль 2020 Маданият
309 0

Ёхуд Сергелидаги мусиқа ва санъат мактаби жамоаси нима учун имкониятдан икки баравар кўп болага таълим беришга мажбур бўлмоқда? 

Яқинда маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзи масъул бўлган тизимдаги таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашувда соҳадаги қатор камчиликлар ҳақида тўхталиб, жумладан, мусиқа ва санъат мактабларидаги бугунги аҳвол, кадрлар муаммоси, олий таълим масканларидаги камчиликлар ҳақида танқидий фикрларини айтди. Айрим ҳаётий мисолларни келтирди. Бу, албатта, унинг мавжуд вазиятдан яхши хабардорлигини англатади. Шундай бўлиши ҳам табиий. Чунки Назарбековнинг суяги санъатда қотган, соҳани ичидан яхши билади. Энди ана шу муаммоларга ечим топишга интиляпти. Бу йўлда у оммавий ахборот воситаларини ҳам ҳамкорликка чорлаб, муаммоли масалаларни кенг ёритишни тавсия қилмоқда. Мақсад — камчиликларни биргаликда ечиш, маданиятимиз ва санъатимиз мавқеини янги поғонага кўтариш.

Ана шундан келиб чиқиб, Сергели туманидаги 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоасини ўйлантираётган айрим масалаларга Маданият вазирлиги эътиборини қаратишни лозим топдик.

Бу таълим муассасасига фарзандини қабул қилишларини сўраб борувчи ота-оналарга мактаб маъмурияти кўпинча ижобий жавоб беришга қийналади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Яқинда мактаб директори Ҳакима Набиева билан бўлган қисқагина суҳбатимизда у буни изоҳлаб берди.

— Бизда энг катта муаммо — жой масаласи, — дея сўз бошлади Ҳ. Набиева. — Мактабимиз аслида 250 ўринга мўлжалланган. Лекин бугун бу ерда 502 нафар бола таҳсил оляпти. Яъни икки баравар кўп ўқувчи билан ишлаяпмиз. Шунга мажбурмиз. Чунки Сергелида бошқа мусиқа ва санъат мактаби йўқ. Мана, туман ҳудудида янги массивлар, мавзелар пайдо бўлди, янги оилалар кўчиб келяпти. Шундоқ ҳам бундан олдин имкониятимиз тор эди. Янги тураржойлар қурилиб, аҳоли сони кўпайганидан кейин аҳвол янада мураккаблашмоқда.

Бошқа туманларда ўқийдиган ўқувчилар, оиласи кўчиб келгани туфайли таҳсилни шу ерда давом эттириш учун бизга қўлида ҳужжати билан келади. Уларни қабул қилмасликка ҳақимиз йўқ. Ноилож оламиз. Қолаверса, фарзандини қабул қилишимизни сўраб келганларга “йўқ” дея рад жавоби бермаймиз, албатта. Бизда ҳар йили август ойида қабул учун синов бўлади. Ана шу синовга таклиф қиламиз. Ўтганлар олинади.

Ўйлаб кўринг, мактаб ўша-ўша, сиғими чегараланган. Лекин ўқувчиларимиз сони ошяпти. Шу боис, қарангки, ҳатто якшанба куни ҳам машғулотларимиз бор. Бу ҳолатда нима қилиш керак?

Битта ечим: Сергелига янги мусиқа ва санъат мактаби зарур. Шундагина масала ҳал бўлиши мумкин. 2016 йилда шундай таълим муассасаси қурилиши бўйича лойиҳа бор эди. Аммо негадир у амалга ошмай қолиб кетди.

Кадрлар бўйича ҳам муаммоларимиз бор. Сабаби, ойлик маошлар кам.

— Ахир, педагогларнинг иш ҳақи бир неча марта оширилди-ку. Наҳотки бу сизларга алоқадор бўлмаса? — ҳайрон бўлиб сўрадик мактаб директоридан.

— Ҳамма шунақа дейди. Лекин мендан ойлик неча пул, деб сўраб кўринг-чи. “Оклад” — 1 миллион 200 минг сўм! Бундай шароитда ишга тажрибали, маҳоратли мутахассисларни жалб этиш қийин.

Бу ерда биз болани бошидан ўқитамиз. Ҳеч нарсани билмайдиган пайтидан келади. Яъни, меҳнат кўп кетади. Бунисиям майли. Биз кўникиб кетганмиз. Лекин ёш мутахассисларга, айниқса, эркакларга бунинг учун 1 миллион ёки 2 миллион сўм барибир камлик қилади-да. Шу боис ҳам мактабимизни, коллежни, Консерваторияни битирганлар бизга келишмайди. Ўтган йили иккитасини олиб келдик. “Бу ерда ишлаш жуда қийин экан”, дейишди. Нима бўлди? Улар оркестрга кетишди. Чунки оркестрда фақат ўзига жавоб беради, ўзи чалади. Ойлиги эса 2,5 — 3 миллион сўм атрофида.

Очиғини айтиш керак, яхши кадрлар ҳам етишмайди аслида. Консерваторияни битирганлар келиб туришибди. Афсуски, аксарияти ишни яхши билмайди. Мисол учун, ўтган йили Консерваториянинг 4-босқичида ўқийдиган тўрт талаба бор эди бизда. Ишга ололмадик. Чунки, айтганимдек, ишни яхши билишмайди. Зарурият нуқтаи назаридан пенсияга чиқиб кетганларнинг баъзиларидан келиб ишлашларини илтимос қилдик.

Тўғри, янги келган кадрни билмас экан, деб кўкрагидан итариш кайфиятидан йироқмиз. Аслида ҳеч ким илмли бўлиб туғилмайди. Ҳамма ҳаёти давомида секин-аста ўрганиб боради. Шу боис ҳам ёш мутахассисларга “мана, имкониятдан унумли фойдаланиб, ёши улуғлардан, пенсионерлардан бир нима ўрганиб қолинглар”, деб айтамиз... Афсуски, аксарият ёшлар енгиллик қидиришади-да.

Албатта, юртимизда мусиқа ва санъат мактабларига эътибор юксак, кўп имкониятлар қилиб бериляпти. Натижада янгидан-янги иқтидорлар кашф этиляпти. Фестиваллар, танловлар ўтказиляпти. Халқаро танловларда қатнашяпмиз. Бундан жуда миннатдормиз. Лекин ечимини кутаётган айрим муаммолар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди-да. Ишончимиз комилки, ҳамма камчиликлар вақти-соати билан ҳал этилади. Сергелида ҳам янги мусиқа ва санъат мактаби қурилса, кўп масалалар ечимига эришилади, деб ўйлаймиз...

Шавкат ОРТИҚОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019