2100 йилга келиб дунёда туғилиш ва аҳоли сони камайиши мумкин

16:44 16 Июль 2020 Дунё
546 0

Вашингтон штати университети олимларининг тахминига кўра, 2100 йилга бориб сайёрамиздаги ҳар бир аёлга 1,7 нафар бола тўғри келади. Бир аёлга 2,1 нафар бола тўғри келиши эса аҳолининг камая бошлаганини англатади.

Олимларнинг тадқиқоти «Ланцет» журналида эълон қилинди. Улар 2064 йилга бориб дунё аҳолиси сони 9,7 миллиардга етишини, кейин эса камайиб, асримиз охирида 8,8 миллиардга тушиб қолишини тахмин қилишмоқда. Бунга эса ўқийдиган ва ишлайдиган аёллар сонининг ортиши сабаб бўлар экан.

Аҳолисининг анчагина қисмидан айрилиши кутилаётган мамлакатлардан бири – Япония. 2017 йилда кунчиқар юрт аҳолиси 128 миллионга етган эди, аср охирида эса 53 миллиондан ҳам камайиб кетади. Ўша пайтга бориб Италия аҳолиси 61 миллиондан 28 миллионга тушиб қолар экан.

Олимларнинг фаразига кўра, 2100 йилгача 23 мамлакатнинг аҳолиси сони икки баравар қисқаради. Улар орасида Испания, Португалия, Таиланд ва Жанубий Корея бор.

Хитой аҳолиси 2024 йилда 1,4 миллиардга етиши кутилмоқда. Шундан сўнг камаяди ва асримиз охирида 732 миллионга тушиб қолади. Аҳоли сони бўйича етакчилик эса Ҳиндистонга ўтади.

Тадқиқотчилар муаммо глобал миқёсда ёйилган демоқда: 195 давлатдан 183 тасида туғилиш аҳолининг кўпайиши учун етарли даражада эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?