2025 йилгача республикамизнинг экологик тоза энергия ишлаб чиқариш қуввати 1,7 баробар оширилади

13:55 26 Май 2018 Иқтисодиёт
386 0

Пойтахтимизда “Энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги инновацион технологиялар” мавзуида бизнес-семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда Украина, Россия Федерацияси, Латвия, Германия, Туркия ҳамда Ўзбекистоннинг инновацион технологияларини татбиқ қилиш билан шуғулланадиган етакчи компаниялари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, энергия ресурсларини тежаш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Шуни инобатга олиб, юртимизда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга энергияни тежовчи инновацион технологияларни татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда хориж компаниялари билан ўрнатиладиган ҳамкорлик янги лойиҳалар рўёбига йўл очаяпти.

— Юртингизда энергия самарадорлигини таъминлаш, муқобил энергияни ривожлантириш бўйича катта қадамлар ташланган, — дейди Туркиянинг “Iltekno” компанияси лойиҳа координатори Шабнам Маммадова. — Бугунги тадбирда электр энергиясини 50 фоизгача тежайдиган махсус инновацион ускуналаримизни Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларида қўллашни таклиф этаяпмиз. Албатта, бу ҳамкорлигимизнинг дастлабки босқичи бўлади. Келгусида ана шундай янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ниятидамиз.

Президентимизнинг ўтган йил 26 майда имзоланган “2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда янги истиқболларни очди. Унга кўра, 42 та янги гидроэлектр станциясини қуриш ҳамда ишлаб турган 32 та гидроэлектр станциясини модернизация қилиш ҳисобига 2025 йилгача республикамизнинг экологик тоза энергия ишлаб чиқариш қувватини 1,7 баробар ошириш кўзда тутилган.

— Жорий йилда Канаданинг “Sky Power” компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1000 мегаваттга тенг бўлган қуёш электр станцияларни қуриш, шунингдек, Германиянинг “Siemens” компанияси билан биргаликда қуввати 100 мегаваттни ташкил этадиган шамол электр станциясини ишга тушириш кўзда тутилган, — дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Акмал Аббосов.

Тадбирда энергетика, нефть-газ ҳамда коммунал соҳаларда янги инновацион технологиялар лойиҳалари тақдим қилинди. Уларда эскирган ускуналарни энергия тежовчи технологиялар билан алмаштириш, маҳсулот тайёрлашда энергия сарфини камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия ресурсларини ҳисобга олиш тизимини автоматлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар