2020 йилдан давлат қарамоғидаги клубларда “кўтарма пули” тушунчаси бўлмайди

14:48 15 Февраль 2019 Жамият
409 0

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клубларида кўтарма пули бериш тўхтатилади. Бу ҳақда ПФЛнинг клубларга мурожаатида айтиб ўтилган.

Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси футболчиларга бериладиган кўтарма пуллари масаласини тартибга солиш юзасидан иш олиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, барча футбол клублари кўтарма пулларини бериш тартибига масъулдир.

“ПФЛ томонидан тақдим этилган шартномаларда футболчиларга кўтарма пуллари ойма-ой бир хил миқдорда берилиши белгилаб қўйилган. Ташкилот йилда икки марта ўтказиладиган аудит текширувида бу жиҳатга жиддий эътибор қаратади. Агар бирор футболчи кўтарма пулининг катта қисмини бирданига олгани аниқланса, ЎФА мазкур жараён юзасидан иш очади. Бунда футболчи ҳам, клуб ҳам жиддий санкциялар билан юзлашади.

Айни вақтда на ЎФА ва на ПФЛ кўтарма пуллари миқдорини чегаралади. Аммо уни тўлаш тартибини аниқ кўрсатиб берди. 2020 йилдан бошлаб давлат корхоналари томонидан молиялаштириладиган футбол клубларида кўтарма пули деган тушунчанинг ўзи бўлмайди”, – дейилади мурожаатда.

Хабар қилинишича, бунгача кўтарма пулларини бирданига талаб қилган футболчиларнинг кейинги фаолиятлари қониқарли бўлмаган ҳолатлар кўп. 2019 йилда барча футболчилар ўз даромадларидан тўланадиган солиқларга, ўзлари тузган шартномаларга жиддий муносабатда бўлишлари шарт. Буларнинг барчасига клублар жавобгардир.

“Шунингдек, мазкур жараёнда футболчиларнинг ўзлари ҳам жазога тортилиши мумкин. Футболчилар ўзлари талаб қилаётган умумий суммани клублардан ойма-ой олиши шарт. Бирор клуб раҳбарияти ёки масъул шахс футболчига олдиндан бериладиган кўтарма пулини ваъда қилиб, бу ишни амалга оширгани аниқланса, ҳар икки тараф ҳам жазога тортилади. ЎФА ва ПФЛ футболчиларга, мураббийларга тўланадиган ойликлар миқдорига аралашмайди. Аммо уларнинг берилиши тартиби жиддий назоратда бўлади”, – дейилади ПФЛ хабарида.

Профессионал футбол лигаси футбол жамоатчилигидан мазкур масала юзасидан футболчиларни огоҳлантиришда ёрдам сўраган. “Бирор иқтидорли футболчининг санкциялар ортидан жабр чекиши ташкилот учун керак эмас. Аммо у қандай даражадаги футболчи бўлмасин, умумий тартибларга, қонун ва қоидаларга амал қилиши шарт”, – дея хулоса қилинган лига раҳбарияти мурожаатида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019