2020 йилда Тошкентда замонавий ва инновацион тиббиёт маркази фаолият бошлайди

15:49 15 Ноябрь 2018 Жамият
239 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Тиббиётнинг кўплаб йўналишлари қатор, педиатрия соҳасининг жадаллик билан ривожланиши кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда кенг истиқболларни очмоқда. Жумладан, шу кунларда пойтахтимизда замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Мамлакатимиз билан Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Айни пайтда тиббиёт марказининг қурилиши ва жиҳозланиши билан бир қаторда, марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Республикасининг Янгсан Пусан Миллий университети ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, 100 нафар мутахассисларимиз ушбу университетда малака ошириши режалаштирилган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.

Номзодлар малака-маҳорати, хорижий тилларни билиши, жаҳон тиббиётининг энг илғор янгиликларини ўзлаштириш салоҳиятига қараб танлов асосида саралаб олиняпти. Ана шундай малакали шифокорлардан дастлабки 19 нафари саралаш жараёнидан муваффақиятли ўтиб, бир йил мобайнида Янгсан Пусан Миллий университетида таҳсил оладиган бўлди.

Сафар олдидан ушбу мутахассислар билан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов учрашиб, уларга бир йиллик таҳсилни муваффақиятли якунлаб, эл-юртимизга муносиб хизмат қиладиган малакали кадрлар бўлиб етишишларида омад ва муваффақият тилади. Ўз навбатида, ёшлар ҳам вақтнинг ҳар лаҳзасидан оқилона фойдаланишга, ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, тиббиётимизнинг эртанги тараққиётига муносиб улуш қўшишга ваъда бердилар.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Таъкидлаш жоизки, бунёд этилаётган мазкур марказ лойиҳаси Корея Республикаси ва жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бинонинг қурилиш, хавфсизлик тизими, иситиш, совитиш тармоқлари жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб беради. Янги тиббиёт муассасаси 280 ўринга эга бўлиб, клиникада кунига 250 беморни қабул қилиш ва йилига 1500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб операция ўтказиш имконияти яратилади.

Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 381 номдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан, ангиограф, компютер тамограф, юқори технологияли рақамли рентген ва флюороскопик тизими, мобил рентген аппарати, циклотрон каби энг сўнгги инновацион тиббий жиҳозлар ўрнатилиши кўзда тутилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар