2020 йил Ўзбекистон фуқаро авиациясини ривожлантиришда туб бурилиш йили бўладими? — Мутасадди ташкилотлар изоҳ берди

16:28 05 Февраль 2020 Иқтисодиёт
177 0

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган долзарб масалалар юзасидан турли-туман фикрлар ва муносабатлар билдирилмоқда. Uzbekistan airways ва Uzbekistan airports компаниялари раҳбарияти мазкур масала юзасидан хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан билдирилаётган фикрларни доимий равишда кузатиб бормоқда. Мазкур йўналишда таклиф ва танқидий фикрларини ўртага ташлаётган, мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожига бефарқ бўлмаганларга шу ўринда ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Айтиб ўтиш лозимки, сўнгги уч йилда авиация бозорини либераллаштириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни замон талаблари даражасига кўтариш бўйича мамлакатимиз фуқаро авиацияси соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Авиация бозорини либераллаштириш ва рақобат муҳитини ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди.

Йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда миллий авиакомпания парки мунтазам равишда замонавий “Airbus” ва “Boieng” лайнерлари билан янгилаб борилмоқда.

Шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш орқали ташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларни мустақил корхоналарга тақсимлаш борасидаги ишлар ниҳоясига етказилди. Барчага маълумки 2019 йилнинг октябрь ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК қайта ташкил этилиб, бир-биридан мустақил бўлган иккита “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” компанияларига ажратилди.

Авиация бозорини янада либераллаштириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида 2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” тартибини қўллаган ҳолда, “Очиқ осмон” режими жорий этилди. Бу жараёнларнинг бошланганига эса бор-йўғи энди уч ой бўлди! Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, “Очиқ осмон” режими жорий этилиши бирданига мамлакатимизга хорижий рейслар сонининг ортиши ва парвозлар оқимининг юқори суръатларда кўпайишида асосий омил бўлиб ҳисобланмайди.

Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалга оширишни ташкил этиш юзасидан “Turkish airlines”, “Isra air”, “Garuda”, “Аэрофлот”, “ИрАэро”, “S7”, “Якутия”, “SCAT” ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, “Очиқ осмон” режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Красноярск, Олмота, Нур-Султон, Ақтау йўналишларида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳозирда аэропортлар инфратузилмаси, учиш-қўниш йўлаклари, йўловчи терминаллари ҳолати ва у ерда хизмат кўрсатиш стандартлари бўйича яқин келажакда ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибди.

Айнан аэропортлар ҳолатини яхшилаш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортида янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлагининг қурилиши натижасида аэропортнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 500 нафар йўловчидан 1500 нафарга қадар кўтарилади. Германиялик мутахассислар иштирокида Тошкент аэропортининг ўтказувчанлик ҳолатини оптималлаштириш ва реконструкция қилиш натижасида эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш қобилияти йилига 4 миллиондан 7 миллионга ортади. Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлагининг қурилиши, Андижон аэропортининг реконструкция қилиниши барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш имконини яратиб, амалга оширилаётган қатновлар сонининг 2-3 бараварга ортишига олиб келади. Ушбу чора-тадбирлар эса ўз навбатида хорижий авиаташувчилар ўртасида мамлакатимиз авиация соҳаси жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Белгиланган тадбирларни илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда сифатли бажариш мақсадида Жаҳон Банки экспертлари жалб этилган бўлиб, улар мамлакатимиз авиация бозорини либераллаштириш ва соҳада замонавий бошқарув усулларини татбиқ этишга қаратилган республикамиз авиация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишади.

Авиация соҳасида рақобат муҳитини кенгайтириш, мамлакатимиз ички йўналишлари ва Марказий Осиё минтақаси йўналишларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу мамлакатимиз фуқаро авиациясини ислоҳ қилиш бўйича ишларнинг фақатгина биринчи босқичидир. Мазкур соҳада бошланган ислоҳотлар тизимли равишда, жадал суръатларда давом эттирилади. Айнан бу йўналишдаги ислоҳотларнинг жадаллаштирилиши натижасида 2020 йил мамлакатимиз авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлади деб умид қиламиз.

Барчага маълумки сўнгги 30 йил давомида мазкур соҳада деярли ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмади. Бунинг оқибатида эса жиддий муаммолар тўпланиб қолди. Соҳа ривожига етарли даражада эътибор қаратилмагани ва мутлақо рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги ортидан у монополия тамойиллари асосида ривожланди. Тарифларнинг юқорилиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатининг пастлиги ҳам айнан шунинг натижасидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки соҳани ислоҳ қилишда фуқаролар ва мутахассисларнинг фикрлари, тавсия ва таклифлари муҳим аҳамиятга эга. Республикамиз авиация саноатини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишда экспертлар ва жамоатчиликнинг фаол иштирокига умид қиламиз.

“Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019