2020 йил 6 ойида содир этилган умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган — Ички ишлар вазири

17:18 07 Август 2020 Жамият
480 0

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлис кун тартиби доирасида Ички ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 6 ойи якуни бўйича жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 20 497 таси ёки 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 1 051 нафар шахс ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган.

Ички ишлар органлари ташаббуси билан 4 158 та жиноят аниқланган. Республикадаги жами 9 145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6 061 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида 21 535 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 63,3 тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 6 ойи давомида қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (71 таси, 35%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5 940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти яъни 52,6 фоизи (3 123 таси) Тошкент, Бухоро, Навоий  ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2 776 нафарига “ҳимоя ордери” берилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 6 ойида республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (4 988 та ёки 23,2%) ёшлар томонидан содир этилган бўлса, шундан 1315 таси ёки 6 фоизи иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир тилган.

Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ (3 198 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган (2 564/2 388) бўлса-да, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмаганлиги оқибатида 730 нафар шахс вафот этган. 2 297 нафари эса турли даражада тан жароҳати олган.

Шу билан бирга, деярли ҳар иккинчи (2 388 тадан 1 017 таси) йўл-транспорт ҳодисалари белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш оқибатида содир этилганлиги жойларда фото-видео қайд этиш мосламаларидан фойдаланиш ишларини янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.

​Бундан ташқари, сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиқиб ўтказилган ўрганишларида тизимда муаммо ва камчиликлар учраётгани аниқланди. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида профилактика инспекторининг ҳар ойлик ҳисоботини эшитиш номигагина ўтказилиб, айрим ҳолларда эса, умуман ўтказилмасдан қолган.  

Аксарият ҳолатларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам тегишли туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари ҳисоботларини эшитиш жараёнида мазкур тузилмалар раҳбар ходимларининг иштироки тўлиқ таъминланмаган.

Шу билан бирга, ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш борасида амалга оширилган ижобий ишларга қарамасдан ходимларининг 3027 нафари хизмат интизомини бузиш ҳолатига йўл қўйган бўлса, 52 нафар ходимлар эса жиноятга қўл урган.

Масалан, жорий йилда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ходимлар томонидан содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари аҳоли орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрнинг шаклланишига сабаб бўлади.

Сенаторлар томонидан нотинч оилалардаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда уларни ижтимоий-маънавий томондан қўллаб-қувватлаш борасида идоралараро ишчи гуруҳ тузиш, қолаверса, оилавий ажримларга сабаб бўлаётган ота-оналарнинг масъулиятини белгилаш бўйича амалдаги қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳудудларда “Жамоатчилик назорати масканлари” ва “Фидокор ёшлар” тузилмалари аъзолари ва профилактика инспектори ёрдамчиларининг хизмат фаолиятини ҳамкорликда тизимли ташкил этиш, “жиноят камайишига эришилмаган” маҳаллаларда манзилли уйма-уй юриб, профилактик ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ва уюшмаган ёшлар билан профилактик ишлар тизимли олиб борилиши шартлиги таъкидланди.

Мажлисда кўриб чиқилган ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?