2020 йил 1 январдан дорихоналарда видеокамералар ўрнатилади

13:38 09 Сентябр 2019 Жамият
36 0

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Инсон саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш муҳим омил ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда ўн икки ярим мингга яқин дорихоналар аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатмоқда. Ушбу дорихоналарнинг қарийб йигирма фоизи ижтимоий дорихоналардир. 

Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган  “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори аҳоли саломатлигини асраш ва дори-дармон таъминотини  янада яхшилашда муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарорда  дори воситалари ноқонуний савдосининг олдини олиш,  шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг чакана савдосини тартибга солиш, дорихоналарнинг фаолиятини янда такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқари барча дорихоналарда  дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш тартиби жорий этилади. Бу механизм қатъий ишлаши учун янгича тартиб дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби этиб белгиланди. 

Агар дорихоналарда мазкур талаб мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилса, бу ҳолат лицензиянинг амал қилишини ўрнатилган тартибда тугатиш учун асос бўлади.

 Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар, агентликлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда қонунчилигимизга киритилган мазкур янги-тартиб тамойилларни аҳоли ва тегишли соҳа ходимлари орасида мунтазам тарғиб этиш, дори воситалари, шу жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини шифокор рецептисиз истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари ва умуман соғлом турмуш тарзи юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида махсус медиа-режа ишлаб чиқилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019