2020 — 2024 йилларда республикамизнинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерлари ташкил этилади

14:36 20 Январь 2020 Иқтисодиёт
438 0

Қуён гўштининг инсон саломатлиги учун қанчалик фойдаси бор? Ўзбекистонда уни етиштириш имконияти қандай ва истиқболда қандай лойиҳалар рўёбга чиқарилади? Бу каби саволларга Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси бошқаруви раиси Абдураззоқ Ибрагимовнинг қуйидаги мақоласидан жавоб олиш мумкин.

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини, хусусан, унинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, соҳа вакилларига қатор қулайликлар яратилмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси ташкил этилгани ҳам мазкур йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Бинобарин, қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Жумладан, Хитой Халқ Республикасида қуён гўшти жуда кам истеъмол қилинса-да, мазкур мамлакат уни етиштириш бўйича етакчи — йилига 660 минг тонна! Хитой қуёнчилигида мўйнали ва тивитли зотларни парваришлаш улуши катта. Соҳада иккинчи ўринда Италия туради — йилига 300 минг тонна! Аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси (йилига 5,5-6 кг.) ҳам шу давлатга тегишли. Бу кўрсаткич Франция, Германия ва Венгрияда 2,5-3 килограммни ташкил қилади ва мазкур мамлакатларда 65 фоиз маҳсулот кластер усулида ишлаб чиқарилади.

Соғлом овқатланишнинг замонавий тенденцияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг парҳез гўшт истеъмол қилиш меъёри хусусидаги тавсиясини инобатга олсак, инсон йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи, яъни 4,5 килограмми қуён гўшти бўлиши керак экан. Шундан келиб чиқиб, айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда юртимиз бозорида назарий жиҳатдан йилига 150 минг тонна қуён гўштига талаб бор.

Қуёнчилик бўйича жаҳон тажрибасининг таҳлили кўрсатадики, ушбу сектор қишлоқ хўжалигининг самарали тармоқларидан бири бўлиб, уни ривожлантиришнинг асосий омили шахсий томорқа хўжаликлари саналади. Қуёнчилик равнақи нафақат бозорда истиқболли талабни шакллантиришдаги имкониятлари, балки унинг биологик хусусиятлари туфайли ҳам юқори салоҳиятга эга. Яъни уй ҳайвонлари орасида энг тез етиладигани шу жонзот. Мисол учун, бузоқ вазни 47 кунда икки баробарошса, қуён боласи бундай натижага 6 кунда эришади. Шунингдек, урғочи қуёнларни тўрт ойлигидан бошлаб урчитиш мумкин. Боқиш ва парвариш яхши шароитда тирик вазни 5 килограмм бўлган битта урғочи қуён йилига 7 мартагача болалаши, пировардида боқувга 42 тагача қуёнча олиш мумкин. Бу эса 100 килограммгача гўшт, 42 дона мўйна, деганидир.

Тўйимлилиги бўйича қуён гўштининг 1 килограмми энг яхши мол гўштининг 1,45 килограммига тенг. Қолаверса, унинг гўшти холестерини камлиги бўйича қўй, мол ва бошқа жониворларникидан фарқ қилади. Таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи инсон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади. Бундан ташқари, қуён гўштида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган лецитин каби моддалар мавжуд. У, шунингдек,минерал тузларга, кальций ва фосфорга бой. Умуман олганда, яхши таъмга эга. Шу каби ижобий фазилатлари туфайли қуён гўштижигар, меъда, юрак-қон томир тизими касалликлари, қандли диабет, аллергияси бор инсонларга тавсия этилади.

Қолаверса, ундан табиий ва қимматбаҳо мўйна олинади. Қуён териси чарм-галантерея маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқаришда ҳам сифатли хом ашё ҳисобланади. Бир килограмм қуён момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин. Қисқаси, ушбу узунқулоқ жониворнинг фойдали жиҳатлари бисёр. Шундай экан, мазкур тармоқни ривожлантириш ва бу турдаги гўшт истеъмолини кўпайтириш айни муддаодир. Бу, шунингдек, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Очиғи, ҳозирча республикамизда мазкур тармоқни яхши ривожланган, қуёнчилик саноат даражасига чиққан, дея олмаймиз. Ушбу даромадли юмуш билан шуғулланувчилар ҳам ҳали унчалик кўпмас. Борлари ҳам етарлича ахборотга эга эмас. Демак, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш зарур. Қуёнчилик саноатлашган даражага етиши лозим. Яъни боқувчи маҳсулотини қаерга сотишини олдиндан билиши керак. тармоқнинг озуқа базасини шакллантириш ҳам дозарб масала. Шу боис ҳозир юртимизда мана шундай масалаларни ҳал этишга, тармоқни кучайтиришга Президент даражасида эътибор қаратилиб, жиддий киришилмоқда.

Жумладан, 2019 йил 31 октябрь куни давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда қуёнчиликни жадал ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама этилиб, тегишли ташкилотлар зиммасига 2020 йил якунига қадар республикамизда қуёнлар бош сонини 3 миллионтага етказиш, унинг ички истеъмолини, экспорт кўламини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.Шундан келиб чиқиб, учта Ишчи гуруҳи тузилди ва улар республикамизнинг барча ҳудудида бўлди. Масалан, бизнинг гуруҳ Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларига бориб, тадбиркорлар, қуёнчилик хўжаликлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Мавжуд ҳолат ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, ўтган йили ассоциациямиз томонидан Ўзбекистонда қуёнчиликни ривожлантириш дастури концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2020 — 2024 йилларда республикамизнинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерларини йўлга қўйиш бўйича дастур шакллантирилди. Унинг доирасида айни пайтда Қашқадарё вилоятида дастлабки кластерни ташкил этиш ишларига киришилмоқда. Иккинчи босқичда республикамиз бўйича бундай кластерлардан еттитаси иш бошлайди. Хўш, бунда қандай натижага эришамиз?

Таҳлилларимизга кўра, республика миқёсида урғочи қуёнлар сони 900000 бошга, ем ишлаб чиқариш кўрсаткичи 306540 тоннага, гўшт ишлаб чиқариш 28350 тоннага, қуён гўштидан консерва тайёрлаш ҳажми эса 37 968 750 донага етказилади. Йилига 21,442 миллион сўм соф фойда кўрувчи 45000 та шахсий томорқа хўжалиги вужудга келади. Натижада 2280 кишининг бандлиги таъминланади. Қуён маҳсулотларини экспорт қилиш ҳисобига бюджетга 648,240 миллион АҚШ доллари тушум қилиш мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги хусусий ёрдамчи хўжаликларида қуёнлар фақат шахсий эҳтиёж учун парваришланади. Шахсий томорқа хўжаликларида қуён, умуман, қуёнчилик маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ишлари сустлигига уларни етиштириш ва боқишда экстенсив, эски технологиялардан фойдаланиш, оддий зооветеринария қоидаларга амал қилмаслик, юқори маҳсулдор қуён зотларининг тизимли ишлаб чиқилмаганлиги каби омиллар сабабдир. Шу маънода, бундай масалаларни ҳал этиш тармоқ учун жуда муҳимдир.

Ҳамкорлик нафақат тармоқ равнақига, балки халқаро бозорга чиқишда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Айни жиҳатдан келиб чиқиб, ассоциациямиз томонидан тармоққа хорижий инвесторларни жалб этишга жиддий аҳамият берилмоқда. Хусусан, шу кунларда Буюк Британиянинг “Эйсенбах энд Петтерсон” компанияси билан олиб борилган музокаралар туфайли республикамиз қуёнчилик тармоғига икки йил давомида 12 миллион долларлик сармоя йўналтирилади.

Қолаверса, жорий йилнинг март ойида пойтахтимизда илк бор Халқаро қуёнчилик форуми ва кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган. Унга хорижнинг энг илғор соҳа вакиллари таклиф этилади. Ўйлаймизки, бу ҳам мазкур йўналишда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар, умуман, қизиқувчилар учун ниҳоятда фойдали бўлади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, тармоқ истиқболи борасида амалий ишларга жиддий киришилди. Жумладан, 2019 йилнинг декабрь ойида ассоциациямиз делегацияси Россия Федерациясида бўлиб,ушбу мамлакат қуёнчилик соҳаси олимлари, қуён етиштирувчилар, ишлаб чиқарувчилар билан бир қатор учрашувлар ўтказди, семинарларда иштирок этди. Мисол учун, дастлабки учрашув К. А. Темирязов номидаги Россия давлат аграр университети раҳбарияти, профессор ва мутахассислари билан бўлди. Натижада ассоциациямиз ҳамда ушбу олий ўқув юрти билан соҳага оид қўлланмалар тайёрлаш, илмий-тадқиқот масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида келишиб олинди ва шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, университет қошидаги “Элнан” компаниясида ташкил этилган учрашувда яхши рационли ва экологик тоза ем-озуқани етиштириш мақсадида гидропон ем-озуқа ишлаб чиқариш технологиясини юртимизда жорий қилиш масаласида музокаралар олиб борилди. Пировардида, ушбу компания Ўзбекистонга янги технологияларни жорий қилиш юзасидан инвестиция киритадиган бўлди.

Қуёнчилик ва мўйнали ҳайвонлар илмий-тадқиқот институтида ўтказилган учрашувда эса қуёнчилик генетикаси масаласида фикр алмашилиб, ушбу ташкилот билан ҳам ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Россия давлат Думасининг қуйи палатасида бўлган учрашувда эса аграр қўмита билан Ўзбекистонда қуёнчиликни ривожлантириш, шу жумладан, унинг ем-озуқа базасини шакллантиришга янги технологияларни қўллаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўшт етиштиришда ҳалоллик муҳим аҳамият касб этади. Яъни маҳсулот етиштирилишидан тортиб, истеъмолчига етказиб берилгунига қадар ушбу талабларга жавоб бериши лозим. Бунда эса “Ҳалол” сертификатининг аҳамияти жуда юқори. Шу боис делегациямиз Халқаро стандартлаш ва сертификатлаш марказида бўлиб, у ерда ҳам шартнома тузилди. Бу Ўзбекистонда замонавий кушхоналар ташкил этилишида, ушбу йўналишдаги талаб ва таклифларни ўрганишда қўл келади.

“Tewe-Elektronic” компанияси айнан қуёнчилик хўжаликлари учун замонавий технологиялар, асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш билан шуғулланади. Ушбу компания вакилларига юртимизда шундай корхонани ташкил этиш бўйича таклиф бердик. Муҳими, улар фикримизга қизиқиш билдирди. Яқин келажакда таклифимиз амалга ошиб қолса, ажабмас.

“Синтек” компаниясида эса қуёнчиликда микробиологик технологияларни жорий қилиш, озуқа йўналишида илмий ишлар олиб борилади. Улар билан ҳам шу йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. “Лидан”, “Курский кролик” масъулияти чекланган жамиятлари, “Семиречье” агрохолдинги вакиллари билан ҳам самарали музокаралар ташкил этилдики, бу келгуси фаолиятимизда асқатиши шубҳасиз.

Булар ҳали бошланиши, албатта. Чунки Ўзбекистонда қуёнчиликни ривожлантиришга эндигина жиддий эътибор қаратиляпти. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан тегишли топшириқлар берилаётгани, тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи АТБ “Микрокредитбанк”ка юклатилгани олдимизда турган вазифаларни уддалашда муҳим омил бўлишига ишонамиз.

Абдураззоқ ИБРАГИМОВ,

Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси бошқаруви раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019