2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (3-қисм)

05:35 09 Январь 2019 Жамият
2440 0

Янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашдан иборатдир.
Бироқ яқинда одамлар орасида нарх-наво кескин кўтарилиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто айрим савдо дўконларида маҳсулот нархига 20 фоизлик устама қўйилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабарлар берилди. Хўш, бу гап-сўзлар қанчалик асосли ва улар солиқ тизимидаги янгиланишларга боғлиқми?
 

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳамда уларнинг интернетдаги онлайн нашри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан мулоқот уюштириб, Солиқ концепциясининг аҳамияти, бу бўйича пайдо бўлаётган масалаларга ойдинлик киритди.
Қуйида юртдошларимиз томонидан бизга ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган саволларга берилган батафсил жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Савол: Эшитишимча, ЯТТларга ўзларининг ҳовлиларида меҳмон уйлари очиб, хизмат кўрсатишига рухсат берилибди. Мазкур хизмат тури қай тарзда солиққа тортилади? Банкда ҳисоб рақами ҳам очишадими? Оила аъзолари учун ҳам алоҳида қатъий солиқ тўлашадими? Шулар ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз?

 


Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги 631-сонли қарори билан тасдиқланган Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низомга мувофиқ, оилавий меҳмон уйи — мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойилига кўра бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 м2 ҳисобидан тўғри келадиган тураржой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой ҳисобланади.
Оилавий меҳмон уйлари хизматлари оилавий меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга бўлган ҳамда унда яшовчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади.
Оилавий меҳмон уйлари хизматларини амалга оширувчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорига асосан, календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаганда қатъий белгиланган солиқ:

  • Тошкент шаҳрида 350 минг сўм;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда 200 минг сўм;
  • бошқа шаҳарларда 100 минг сўм;
  • бошқа аҳоли пунктларида 50 минг сўм тўланади.

Шунингдек, календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумидан:

  • 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаганда, 4 фоиз ставкада ягона солиқ тўлови;
  • бир миллиард сўмдан ошганда, юридик шахслар учун назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланади.

Оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган якка тартибдаги тадбиркор ҳар ойда энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ягона ижтимоий тўловни тўлайди.
Меҳмон уйи очган якка тартибдаги тадбиркорнинг оила аъзолари қатъий белгиланган солиқ тўловидан қонунчиликка асосан озод этилган бўлиб, фақатгина Солиқ кодексининг 311-моддасига биноан оиланинг ҳар битта аъзоси учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланади.

 

Савол: Мен компьютер хизматларини кўрсатиш учун 2018 февраль ойида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганман. Шу кунгача 3 минимал иш ҳақи миқдорида тўловларни тўлардим. Энди 2019 йил 1 январдан эътиборан қанча солиқ тўлайман? Аввалгидек 3 энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдоридами ёки қандайдир фоиз ҳисобидами? Агар фоиз ҳисобида бўлса неча фоиз тўлашим керак? Агар энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида бўлса, 202 минг 800 сўмдан келиб чиқиб тўлайманми?

 


Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилги бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сонли қарорига асосан, товарни реализация қилишдан тушган тушум 100 миллион сўмгача бўлганда, қатъий белгиланган солиқ тўланади.
Бунда “Компьютер дастурларини ишлаб чиқиш хизматлари, компьютер ўйинларини ташкил этиш, шунингдек, компьютер ёрдамида матнларни териш ва босиб чиқариш хизматлари, матндан нусха олиш ва кўпайтириш билан боғлиқ хизматлар” фаолият тури бўйича ҳар ойда:

  • Тошкент шаҳрида 300 минг сўм;
  • Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 200 минг сўм;
  • бошқа шаҳарларда 100 минг сўм;
  • бошқа аҳоли пунктларида 50 минг сўм қатъий солиқ тўлови тўланади.

Календарь йилида товарни реализация қилишдан тушган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир милллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини товарни реализация қилиш (ишлар ва хизматлар кўрсатиш)дан тушган тушумдан 4 фоиз ставкада тўлайди.
Календарь йилида товарни реализация қилишдан тушган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди.

 

 

Савол: Санъаткорлар учун ягона ижтимоий тўловни тўлашни табақалаштириш зарур. Ахир улар даромад солиғидан озод этилган-ку. Ягона ижтимоий тўлов дегани қандай солиқ тури ўзи?

 

Жавоб: Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ягона ижтимоий тўлов солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, мажбурий тартибда тўланади. Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарорига асосан, меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.
Ягона ижтимоий тўлов — 2019 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ўрнига жорий этилди.

 

Савол: Якка тартибдаги тадбиркорларнинг цемент савдоси билан шуғулланиши нима сабабдан чекланган?
Жавоб: Айрим фаолият турлари бўйича, яъни қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчиларнинг иш ҳажми оғирлиги, маҳсулотларни транспорт воситаларига юклаш, ташиш, тушириш, қадоқлаш, қўриқлаш, йирик ускуналардан фойдаланиш, саноат усулида амалга оширилишини бир нафар ёлланма ишчи билан бажара олмаётганликлари сабабли, қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ходимларни ёллаб норасмий ишлатиш каби ҳолатлар аниқланмоқда. Натижада улардаги норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмасдан, меҳнат стажлари юритилмаслигига ҳамда келгусида асосланган пенсия тўлови кафолатланмасдан қолишига сабаб бўлган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 850-сонли қарорига асосан, хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш киритилиб, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (1-қисм)

2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (2-қисм)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019