2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (2-қисм)

03:41 09 Январь 2019 Жамият
2423 0

Иллюстратив фото

Янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашдан иборатдир.
Бироқ яқинда одамлар орасида нарх-наво кескин кўтарилиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто айрим савдо дўконларида маҳсулот нархига 20 фоизлик устама қўйилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабарлар берилди. Хўш, бу гап-сўзлар қанчалик асосли ва улар солиқ тизимидаги янгиланишларга боғлиқми?

 

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳамда уларнинг интернетдаги онлайн нашри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан мулоқот уюштириб, Солиқ концепциясининг аҳамияти, бу бўйича пайдо бўлаётган масалаларга ойдинлик киритди.
Қуйида юртдошларимиз томонидан бизга ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган саволларга берилган батафсил жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Савол: Бизнинг фирма балансида битта дўкон ва қурилиши тугалланмаган бино бор. Икковидан ҳам мол-мулк солиғи тўланадими?


Наргиза Адҳамова.

 

Жавоб: Солиқ кодексининг 267-моддасига мувофиқ, фирма балансидаги дўконнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим. Шунингдек, Солиқ кодексининг 2691-моддасига асосан, норматив муддатларда ўрнатилмаган жиҳозлар ва норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектларига мол-мулк солиғи икки карра оширилган ставкада тўланади.


Савол: Қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖ ягона ер солиғинигина тўлаб келаётган эди. 2018 йилда обороти 1 млрд. сўмдан ошган. Энди ҚҚСга ўтишга мажбурми?
 

Бекзод Йўлдошев.

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорининг 13-бандига мувофиқ, 2019 йилда ягона ер солиғи тўловчилар учун солиққа тортишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди.


Савол: 2019 йилда томорқа эгалари учун қандай солиқ ставкаси кўзда тутилмоқда?

Тўланбой Турсунов.
Наманган вилояти

 

Жавоб: Томорқа ерлар учун солиқ суммаси томорқа ер жойлашган жойига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорига асосан, 2019 йилда томорқа ер учун солиқ ставкаси ўтган йилдагига нисбатан 1,2 коэффициент оширилган.
Масалан, 2019 йилда жисмоний шахслар учун ажратилган ернинг 1 квадрат метри учун Наманган шаҳрида 225 сўм, Наманган вилоятининг бошқа шаҳарларида 133,6 сўм, Наманган вилоятининг туман марказларида 116 сўм, Наманган вилоятининг қишлоқ жойларида: аҳоли пунктларида 75 сўм, аҳоли яшамайдиган пунктларида 37,5 сўм, лалми жойларда 7,4 сўм ва жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ҳамда полизчилигини юритиш мақсадида берилган ерлар учун 28,8 сўм тўланиши лозим.


Савол: Бизнинг корхонамиз ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланади. Корхона балансидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган кўчмас мулклар бошқа юридик шахсларга ижарага берилган. Ушбу мулкларга нисбатан мол-мулк солиғи ҳисобланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли Фармонига мувофиқ, ягона ер солиғи тўловчилари учун амалдаги солиқ солиш тартиби сақлаб қолинган.
Шунга кўра, ягона ер солиғи тўловчисига мазкур ҳолатда юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ҳисобланмайди.


Савол: Дорихоналар қўшилган қиймат солиғи ва сув солиғи тўлайдими?

Ғайрат Раҳимов.
Шўрчи тумани

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 208-моддаси 13-бандига асосан, тиббий хизматлар (косметология хизматлари бундан мустасно) ҳамда ветеринария хизматлари, дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар, шу жумладан, уларни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинаётган шундай воситалар ҳамда буюмлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.
Солиқ кодексининг 257-моддасига асосан, агар корхонангиз сувдан фойдаланса, ишлатилган сув ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси ҳисобланади.

 

2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (1-қисм)

2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради? (3-қисм)

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019